КХШТ: Якуний учрашув жиддий геосиёсий можаролар шароитида ўтмоқда - Қозоғистон Президенти

Фото:
ASTANA. Kazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши сессиясида иштирок этди, деб хабар бермоқда Kazinform БОРТ №1 Телеграм каналига таяниб.

Қасим-Жомарт Тоқаев, аввало, навбатдан ташқари президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклаган йиғилиш иштирокчиларига миннатдорлик билдирди.

«Таъкидлашни истардимки, Қозоғистон ва унинг минтақадаги иттифоқдош ва ҳамкорлари ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича стратегик йўналиш ўзгармайди. Келгусида мамлакатларингиз билан икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларни юқори даражада сақлашга ҳаракат қиламиз»

, — деди Президент.

Давлат раҳбари КХШТ доирасидаги ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича мамлакат позициясини тақдим этди. Унинг айтишича, ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг якуний учрашуви жиддий геосиёсий можаролар ва мисли кўрилмаган чақириқлар шароитида ўтмоқда.

«Халқаро муносабатлардаги беқарорлик кучайиб бораётгани КХШТ маконини ҳам четлаб ўтмади. Минтақамизда бутун Евроосиё маконининг барқарорлиги ва хавфсизлигига путур етказувчи можаролар ҳали ҳам давом этмоқда. Бундай вазиятда очиқ, ҳалол, конструктив мулоқотни сақлаб қолиш ва ривожлантириш жуда муҳимдир. Бу мураккаб инқироз ва можаролардан чиқишнинг самарали ва мақбул йўлидир»

, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент Арманистон-Озарбайжон можаросини дипломатик йўл билан ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлади.

«Биз ҳаммамиз Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар тикланишидан манфаатдормиз. Умид қиламизки, Россиянинг муросага келтирувчи саъй-ҳаракатлари Арманистон-Озарбайжон можаросини фақат сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилиш имконини беради ва томонлар тинчлик битимини имзолайди»

, — деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев Афғонистондаги вазиятга алоҳида тўхталди.

«Мамлакатдаги вазиятни тартибга солиш йўлларини кўриб чиқиш КХШТнинг жанубий чегараларида хавфсизликни таъминлашнинг асосий омилларидан биридир. Қозоғистон Афғонистон раҳбарияти билан ушбу мамлакатнинг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишда ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ниятида. Биз Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами етказиб келмоқдамиз»

, — деди Президент.

Давлат раҳбари ташкилот доирасидаги фаолиятни янада ривожлантиришга доир қатор таклифлар берди. Улар орасида яқин келажакдаги устувор вазифа сифатида КХШТ тинчликпарварлик салоҳиятини ривожлантириш масаласини тилга олди.

Қасим-Жомарт Тоқаев ўз нутқини якунлар экан, Арманистон томонига ва Никол Пашинянга КХШТ раиси сифатидаги муваффақиятли фаолияти учун миннатдорлик билдирди ҳамда Беларусь Президенти Александр Лукашенкога 2023 йилдаги раислигига омад тилади.

Режалаштирилган ротация доирасида давлатлар раҳбарлари Қозоғистон вакили Иманғали Тасмағамбетовни 2023 йил 1 январдан бошлаб уч йил муддатга КХШТ Бош котиби лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилишди.

Фото: t.me/bort_01

Сўнгги хабарлар