КХШТ бош котиби Иманғали Тасмағамбетов Қирғизистонга келди

Фото:
BISHKEK. Кazinform – Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Бош котиби Иманғали Тасмағамбетов Қирғизистон Республикаси олий сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти билан учрашиш учун Бишкекка келди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

Қирғизистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабарига кўра, ташриф доирасида КХШТ Бош котиби И.Тасмағамбетов Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров билан учрашди.

Учрашувда томонлар минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари, шунингдек, ташкилот доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилдилар.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Қирғизистон КХШТ доирасидаги ҳамкорликка минтақа хавфсизлиги кафолати сифатида катта аҳамият беришини таъкидлади.

Ҳарбий, ахборот ва гуманитар тадбирларни мувофиқлаштириш мақсадида Қирғизистон КХШТ тинчликпарвар кучлари билан ҳамкорликда «Бузилмас биродарлик-2023» ўқув машғулотларини ўтказишни режалаштирмоқда.

«Маълумки, турли мамлакатларнинг иссиқ нуқталарида фуқароларни ёллаш ва террорчилик фаолиятини амалга ошириш учун жанговар ва қўпорувчилик тажрибасини олган халқаро террорчиларнинг таҳдиди ҳамон сақланиб турибди. Бу борада мамлакатларимиз ҳам четда қолмади. Шу муносабат билан бузғунчи кучларга ўз вақтида жавоб бериш ва уларнинг олдини олиш бўйича тегишли ишларни кучайтириш зарур. Ўз навбатида Қирғизистон ҳам мамлакат хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашга қаратилган тегишли чораларни кўрмоқда. Мамлакатимиз КХШТнинг роли ва обрўсини оширишдан манфаатдор, унда ташкилотга аъзо давлатларнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш учун катта имкониятлар мавжуд», — деди Қирғизистон Республикаси раҳбари.

КХШТ Бош котиби И.Тасмағамбетов Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг 2023 йилга мўлжалланган дастурлари ва устувор йўналишлари, шунингдек, КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдаги сессиясига тайёргарликнинг бориши ҳақида маъруза қилди.

Бундан ташқари, КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши қарорлари ижроси ва жорий йилга мўлжалланган иш режаси ҳақида маълумот берди.

Эслатиб ўтамиз, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига олтита аъзо давлат: Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон киради.

Аввал хабар қилинганидек, Иманғали Тасмағамбетов 2023 йил 1 январдан бошлаб 3 йил муддатга Бош котиб лавозимига тайинланган эди.

Фото: president.kg

Муаллиф: Гулмира Абдрахманова


Сўнгги хабарлар