Кейинги ўқув йилидан бошлаб 5-8 ва 10 синфларни тамомлаган ўқувчилар қозоқ тилидан имтиҳон топширадилар

None
ASTANA. Kazinform – Кейинги ўқув йилидан бошлаб 5-8 ва 10 синфларни тамомлаган ўқувчилар қозоқ тилидан имтиҳон топширишлари мумкин. Бу ҳақда «Ашиқ» порталида эълон қилинган Халқ таълими вазирининг буйруғида айтилган, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«2023-2024 ўқув йилидан бошлаб асосий ўрта таълим (5-8 синфлар), умумий ўрта (10 синф) даражасида ўқув йили тугагандан сўнг қозоқ тилини ўргатувчи мактабларда «Қозоқ тили» фани ва қозоқ тилидан бошқа тилда олиб бориладиган мактабларда «Қозоқ тили ва адабиёти» фанидан имтиҳон жорий этилади. Қозоқ тилидан имтиҳон давлат мажбурий таълим стандартига мувофиқ ўқув режасини ўзлаштириш натижаларига кўра ёзма ва оғзаки шаклда ўтказилади. Имтиҳон ўтказиш вақти таълим ташкилотининг педагогик кенгаши томонидан белгиланади. Вазифалар ўқитувчилар томонидан тузилади ва академик ҳалоллик тамойилларига риоя қилган ҳолда таълим ташкилоти маъмурияти томонидан тасдиқланади. «Қозоқ тили», «Қозоқ тили ва адабиёти» фанлари бўйича якуний баҳо имтиҳон (5 балли тизимда) ва йиллик баҳолаш (5 балли тизимда) натижаларига кўра 30-70 фоиз нисбатида белгиланади. Якуний баҳолаш бутун сонга яхлитланади», - дейилади ҳужжатда.

Буйруқнинг изоҳида ёзилганидек, қозоқ тилининг мавқеини ошириш мақсадида бундай ўзгартириш амалга оширилиши керак.

«Давлат тили мақомини ошириш мақсадида 5-8, 10-синфларда қозоқ тилидан имтиҳон жорий этилади», - дейилади буйруқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур норма 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб жорий этилади.

Буйруқ 3 февралгача жамоатчилик муҳокамаси учун очиқ бўлади.

Муаллиф: Алихан Асқар

Сўнгги хабарлар