Келин тўйини 13 йилдан сўнг қилган оила катта олқишларга сазовор бўлди

None
None
QYZYLORDA. Kazinform - Қизилўрда шаҳрида ажойиб тўй бўлиб ўтди. Ёш келин-куёвнинг тўйини яқинлари роппа-роса 13 йил кутишди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Талғат Аманжолов билан Махаббат Қалибаева 2006 йилда турмуш қуришган. Ўшанда Талғат 21, Махаббат 17 ёшда эди. Дўстларининг тўйида учрашиб, бир-бирига кўнгил қўяди. Орадан кўп вақт ўтмасдан, икки ёш оила қуришга қарор қилади. Аммо Талғат бир ўзи уч қиз, икки ўғилни боқиб, катта қилаётган онасига яна ортиқча юк ортишга жазм эта олмасди. Шу пайтда оқила қиз Махаббат тўй-ҳашамлар ҳаёт мазмуни эмаслигини айтиб, имкони бўлгандагина тўй қилишга розилик беради ва ёш оила катта ҳаётга қадам босади.

Орадан кўп йиллар ўтди. Бахтли оила ҳозирда уч ўғил ва уч қизни вояга етказмоқда. Ҳалол меҳнат эвазига рўзғорини ҳам бут қилиб олди. От изидан, йигит сўзидан қайтмас. Талғат ҳам суюклисига берган ваъдасининг устидан чиқди.

«2006 йилда икки томоннинг розилигини олиб Махаббат билан турмуш қурдик. Гапнинг очиғи, у пайтда тўй қиладиган аҳволда эмасдим. Келин салом билан чекландик. Масжидда никоҳ ўқитиб, қонуний эр-хотин бўлдик. Ўшанда Махаббатга албатта тўй қилишга ваъда бергандим. Ваъдамнинг устидан чиқишга энди қурбим етади. Қароримни икки томон ҳам қувватлаб, оқ фотиҳасини берди», - дейди Талғат Kazinform мухбирига берган суҳбатида.

Талғат қозоқ йигити учун ваъда ҳамма нарсадан устун эканлигини яна бир бор исботлади. Бахтли оиланинг тўнғичи Расул бу йил 11 ёшда. Иккинчи фарзанд Нурғайша 10, Мансур 9, Қанағат 8, Айзере 5, Ару 4 ёшга тўлди.

«Албатта, ота-онам анъанага кўра тўй қилишни хоҳлаганди. Аммо дадаси икковимизнинг кўнглимизга қарши келгани йўқ. Кеча тўйда ота-онам оқ фотиҳасини бериб кўзига ёш олди. Қувонч кўз ёшлари, шукроналик туйғуси. Ўзим ҳам оппоқ келин кўйлак кийган пайтимда роса ҳаяжонландим. Ёримнинг никоҳ пайтида берган ваъдасида туриб, ана шундай бахтни туҳфа қилганидан беҳад миннатдор бўлдим», - дейди Махаббат.

Улар тўйга уч ой тайёргарлик кўришибди. Аввалига катталар томонидан «одамлар нима дейди», «ғалатимасми» каби фикрлар ҳам айтилибди.

«Ҳаммаси ўзимиз ўйлаганимиздек бўлди. Тўйни анъаналаримизга кўра ўтказдик. Тўйимизга келганларнинг ҳаммаси катта қувонч билан қайтишди. Ҳамма олқишлашди», - дейди ёшлар.

Муаллиф: Адилжан Умбет

Сўнгги хабарлар