Келгуси йилдан бошлаб Қозоғистонда боғча тарбиячилари ва ўқитувчларининг маошлари оширилади

None
NUR-SULTAN. Кazinform – 2023 йил 1 январдан бошлаб боғча тарбиячилари, мактаб ва коллеж ўқитувчилари, шунингдек, қўшимча таълим тизими мутахассисларининг иш ҳақи яна 25 фоизга оширилади. Бу ҳақда Kazinform Таълим-маориф вазирлигига таяниб хабар беради.

Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, ўқитувчиларнинг иш ҳақи 2020 йил январ ойидан бошлаб ҳар йили 25 фоизга, 2022 йил январ ойидан эса яна 25 фоизга оширилди. Шундай қилиб, ўқитувчиларнинг маоши икки баравар ошди.

«Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг қўллаб-қувватлаши туфайли ўқитувчиларнинг ойлик маошларининг ҳар йили оширилиши ижобий натижалар бермоқда. Ўқишни имтиёзли тамомлаган битирувчилар ўқитувчилик касбига ҳужжат топшира бошлади. Абитуриентларнинг Миллий ягона тестда ўртача балли сезиларли даражада ошди, педагогика мутахассисликларига ўқишга кирувчи «Алтын белгі» эгалари сони бир неча баробар ошди. 2023 йил январ ойидан бошлаб ўқитувчиларнинг иш ҳақи яна 25 фоизга оширилади. Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг иш ҳақига қўшимча тўловлар амалга оширилади. Булар малака тоифаси учун (лавозим маошининг 30 фоизидан 50 фоизигача), магистратура босқичи учун, инглиз тилида дарс ўтказиш, дафтарни текшириш, синф раҳбарияти ва репетиторлик учун қўшимча тўловлардир», — дея тушунтирди ҚР Таълим-маориф вазирлиги Молия ва бюджетни режалаштириш департаменти директори Ғалимжан Молдаш.

Эслатиб ўтамиз, ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўқув юкламаси, таълим даражаси, малакаси, иш тажрибаси, магистратура даражаси ва бошқа қўшимча тўловларга қараб ҳисобланади. Шуни ҳам ёдда тутингки, жисмоний тарбия ўқитувчиларига мактабдан кейин қўшимча спорт машғулотларини ўтказиш учун ойлик қўшимча ҳақ тўланади.

Сўнгги хабарлар