Қаттиқ карантин чоралари Қозоғистонда 2 августгача узайтирилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Бош вазир Асқар Мамин қозоғистонликларни карантин талабларига қатъий риоя қилишга чақирди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев келгуси давр учун бир қатор аниқ мажбуриятларни қўйди. Ушбу вазифалар бўйича давлат органларининг таклифларини тингладик. Шу билан бирга, таклифларни инобатга олган ҳолда, мен қуйидаги вазифаларни ишониб топшираман», - деди Асқар Мамин Ҳукумат йиғилишида.

Аввал Асқар Мамин тегишли идораларга коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича бир қатор вазифаларни юклади.

«Иккинчи ҳафта қаттиқ карантин тадбирлари олиб борилмоқда. Вируснинг тарқалиши билан боғлиқ вазият мураккаб. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таклифига биноан, эпидемиологик вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида чеклов чораларини яна икки ҳафта, яъни 20 июльдан 2 августгача узайтиришга қарор қилдик. Шу билан бирга, мен барча қозоғистонликларни карантин талабларига қатъий риоя қилишга чақираман. Ушбу чоралар жуда муҳимдир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳокимиятлар ва манфаатдор давлат идоралари билан карантинни янада кучайтириш учун барча зарур чораларни кўриши керак», - деди у.

Бош вазир керакли дори-дармонлар захиралари мавжудлигини таъкидлади.

«Захиралар доимий равишда тўлдирилиб борилади. Дорихоналар ва шифохоналарда уларни тўғри тақсимлаш учун барча чораларни кўриш керак. Вирусга чалинганлар сонининг кўпайиши сабабли вазиятни барқарорлаштириш учун Атирау ва Манғистау вилоятларига мутахассислар юборилди», - деди Асқар Мамин.

Муаллиф: Аян Бекенўғли
Сўнгги хабарлар