Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қирғизистонга ташрифи самарали бўлди

None
None
БИШКЕК. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қирғизистонга қилган давлат ташрифи самарали бўлди. Ташриф чоғида Давлатимиз раҳбари Қирғизистон пойтахтида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Коллектив хавфсизлик кенгашининг сессиясида иштирок этди. Президентнинг икки кунлик сафар доирасидаги фаолиятини Kazinform мухбири таҳлил қилади.

27 ноябрь куни «Манас» халқаро аэропортида Қасим-Жомарт Тоқаевни Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков ва Қозоғистон Республикасининг Қирғиз Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Қайрат Нурпейисов қаршилади.

Давлат раҳбарлари Бишкекдаги «Ата-Бейіт» миллий тарихи-мемориал комплексига бориб, қатағон қурбонлари монументига гулчамбар қўйди ва Чингиз Айтматов рухига бағишлаб Қуръон тиловат қилди.

Куннинг иккинчи ярмида президентлар «Ала-Арча» давлат қабулхонасида икки томонлама музокараларни бошлашди. Тор доирадаги учрашувдан кейин делегациялар Олий давлатлараро кенгашнинг бешинчи мажлисида барча соҳаларга оид масалаларни муҳокама қилишди.

Қ.Тоқаев Қирғизистон Қозоғистоннинг аҳил қўшниси ва қардош мамлакат эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Бизни минг йиллардан буён давом этиб келаётган мустаҳкам дўстлик боғлаб турибди. Боболаримиз неча асрлар мобайнида қийин пайтларда бир-бирига ҳамиша кўмаклашган. Шу туфайли ҳам бугунги кунда ўзаро натижали алоқаларни йўлга қўйиб, давом эттириб келмоқдамиз», – деди давлатимиз раҳбари.

«Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми сўнгги уч йилда доимий ўсиб келмоқда. 2015-2018 йиллар оралиғида бу кўрсатгич 30 фоиз кўпайиб, 900 миллион долларга етди. Шу билан бир қаторда Қозоғистон қирғиз иқтисодиётига 1 миллиард доллардан зиёд молия киритган йирик инвесторлардан бири бўлди», – деди Қозоғистон Президенти.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда Қирғизитонда Қозоғистон сармояси билан 2 мингга яқин корхона ишлаб турибди. Қозоғистонда эса 1 мингдан зиёд Қирғизистон корхонаси фаолият олиб бормоқда.

«Аммо бу кўрсатгич билан чекланмаслик керак. Биз яқин орада ўзаро товар айланмасини 1 млрд АҚШ долларига етказишни мақсад қилдик», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Ўз навбатида Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков ҚР Президентининг давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашини таъкидлади.

«Қардош мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида умумий фикрга келдик. Ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги ўзаро ҳаракатларни муҳокама қилиб, халқаро мавзуларда фикр алмашдик», - деди Қирғизистон Президенти.

***

28 ноябрда Бишкекда икки мамлакат раҳбарларининг иштирокида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Коллектив Хавфсизлик кенгаши нинг сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишига: Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков, Россия Президенти Владимир Путин, Тожикистон Президенти Эмомали Рахмон, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Армения Бош вазири Никол Пашинян иштирок этишди.

Қасим-Жомарт Тоқаев тор доирадаги учрашувда давлат раҳбарларига Қозоғистоннинг КХШТ форматидаги фаолиятининг долзарб масалалари бўйича позициясини маълум қилди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида КХШТга аъзо давлатлар, шунингдек Афғонистондаги терроризмга қарши кураш масалаларига тўхталди.

«Бугунги кунда расмий ҳокимият мамлакат ҳудудининг ярмидан сал кўпроғини назорат қилади. Унда мамлакат аҳолисининг 65 фоизи истиқомат қилади. Қолган ҳудудлар террористик ташкилотлар назоратида. Жанубдан келиши мумкин ана шу хавфни эътиборга олган ҳолда, КХШТ халқаро терроризм ва бошқа таҳдидларга қарши курашиш учун доимо тайёр туриши лозим», – деди Қозоғистон Президенти.

Коллектив Хавфсизлик кенгаши сессиясида 17 ҳужжат, жумладан, глобал ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадидаги халқаро чора-тадбирлар ҳамда ҳамкорликни такомиллаштириш тўғрисидаги баёнот ва Коллектив Хавфсизлик кенгашининг 14та қарори имзоланди.

Сессияда Ташкилот раислигини Қирғизистондан Россия Федерацияси қабул қилиб олди.

Шунингдек, КХШТга аъзо давлатлар раҳбарлари 2020 йилдан бошлаб Ташкилот Бош котиби лавозимига Беларусь вакили Станислав Зась номзодини тасдиқлади.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов

Сўнгги хабарлар