Қасим-Жомарт Тоқаев шайх Сурур бен Муҳаммад Ал Нахаян билан учрашди

Фото: Фото: akorda.kz
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев шайх Сурур бен Муҳаммад Ал Нахаян билан учрашди, дея хабар беради Kazinform Ақорда расмий сайтига таяниб.

Давлат раҳбари Абу-Даби амирлиги ҳукмрон оиласи вакили шайх Сурур бин Муҳаммад Ол Нахаянга ҳурмат билан бугунги учрашув икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилиш имконияти эканини таъкидлади.

«Жорий йил бошида Амирликларга ташрифим ва мамлакат раҳбарияти билан ўтказган учрашувларимни илиқ туйғулар билан эслайман. Айниқса, эришилган келишувлар икки мамлакат халқлари фаровонлигига хизмат қилаётганидан фахрланаман. Бирлашган Араб Амирликлари биз учун ислом оламидаги ишончли ва асосий стратегик ҳамкордир. Мустақилликнинг илк йиллариданоқ бизни қўллаб-қувватлаб келаётган қардош давлат. Қозоқ халқи буни ҳеч қачон унутмайди. Биз Амирликларнинг мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссасини дўстлик ва яқин ҳамкорликнинг ёрқин тимсоли сифатида қабул қиламиз. Фурсатдан фойдаланиб, Бирлашган Араб Амирликлари раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман ва Президент Шайх Муҳаммад бин Заид Ал Нахаянга самимий саломларимни йўллайман», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Ўз навбатида, шайх Сурур бин Муҳаммад Ал Нахаян Қасим-Жомарт Тоқаевга кўрсатилган шараф учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистон ва БАА ўртасидаги жадал ривожланиб бораётган муносабатларга эътибор қаратди.

«Январ ойида БААга амалга оширган расмий ташрифингиз икки дўст давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муваффақиятли бўлди. Мамлакатингиз билан муносабатларимиз тарихи чуқурдир. Бугунги кунда халқаро ва минтақавий шароитларга қарамай, кўплаб соҳалардаги ҳамкорлигимиз мустаҳкамланиб боряпти. Қўшма сармоявий лойиҳаларимизни амалга ошириш учун энг қулай шароитлар яратиб бераётганингиз учун Сизга ва Қозоғистон Ҳукуматига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», – деди шайх Сурур бин Муҳаммад Ал Нахаян.

Учрашувда икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. ҚР Президенти Амирлик компаниялари катта имконият ва тажрибага эга эканини таъкидлаб, уларни қишлоқ хўжалиги, энергетика, нефть-кимё, тоғ-кон саноати, қурилиш, транспорт-логистика, молия, туризм каби соҳалардаги лойиҳаларда фаол иштирок этишга таклиф қилди.

Учрашув якунида давлат раҳбари шайх Сурур бин Муҳаммад Ал Нахаянни икки давлат ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун I даражали «Достық» ордени билан тақдирлади.

Сўнгги хабарлар