Қасим-Жомарт Тоқаев «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммитида қандай масалаларни кўтарди

Фото: Фото: akorda.kz
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» форматидаги президентларнинг иккинчи учрашувида иштирок этди, дея хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.

Давлат раҳбари мисли кўрилмаган геосиёсий кескинликларга қарамай, минтақавий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани учун миннатдорлик билдирди.

Унинг сўзларига кўра, бу масалада Европа Иттифоқининг ўрни катта.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг фикрича, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида ҳамкорлик истиқболлари кўп.

«Ўтган йил якунларига кўра, Европадан Қозоғистонга киритилган сармоя 23 фоизга ошиб, 12,5 миллиард долларга етди. Мустақиллик йилларида 350 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. Унинг деярли ярми Европа Иттифоқи мамлакатларига тегишли. ЕИ Қозоғистоннинг энг йирик савдо шериги ҳисобланади. Ташқи савдомизнинг 40 фоиздан ортиғи ушбу ташкилотга тўғри келади. Ўтган йили Қозоғистоннинг ЕИ давлатлари билан ўзаро савдо ҳажми 40 миллиард долларни ташкил этди. 2025 йилгача бу кўрсаткични 50 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятларимиз бор, деб ҳисоблайман», – деди ҚР Президенти.

Давлат раҳбари Қозоғистонда Европа капитали улушига эга уч мингдан ортиқ компания, жумладан, Shell, Eni, Total, Air Liquide, Alstom, Siemens ва бошқа трансмиллий корпорациялар ишлаётганини таʼкидлади.

«Ҳар томонлама ҳамкорлигимиз стратегик муҳим ва истиқболли ноёб металлар ва «яшил» водород ишлаб чиқариш бўйича янги келишувлар билан мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Германия-Швед компанияси Svevind Қозоғистонда шамол ва қуёш электр станцияларини ўрнатадиган ҳамда уч миллион тонна «яшил» водород ишлаб чиқарадиган завод қуришни бошлади. Бу илғор лойиҳалардан бири бўлиб, Европа Иттифоқининг ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжининг қарийб 20 фоизини ташкил этади. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен билан биргаликда барқарор хом-ашё, аккумулятор ва қайта тикланадиган водороднинг қўшилган қиймати бўйича стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаган эдик», – деди Давлат раҳбари.

Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаев нафақат Қозоғистон, балки минтақа давлатлари учун ҳам стратегик аҳамиятга эга ҳамкорликнинг устувор йўналишларини ҳам айтиб ўтди.

Президент, биринчи навбатда, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масаласига тўхталди. Унга кўра, савдо номенклатурасини кенгайтириш ҳисобига экспорт ҳажмини ошириш – асосий вазифа.

«Қозоғистон Европа Иттифоқи мамлакатларига машинасозлик, темир-пўлат ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати каби соҳаларда 175 турдаги нохом-ашё экспортини 2,3 миллиард долларга оширишга тайёр. Қишлоқ хўжалигидаги кооперация катта истиқболга эга», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришни иккинчи устувор вазифа деб атади. Президентнинг таъкидлашича, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ҳозирги вақтда стратегик аҳамиятга эга. «Бу йўналиш ҳудудларимиз ўртасидаги алоқалар даражасини сезиларли даражада мустаҳкамлаши мумкин, деб ўйлайман. Яқинда Хитойга қилган давлат ташрифим чоғида хитойлик ҳамкорларимиз билан биргаликда Сиань шаҳрида логистика терминалига пойдевор қўйдик. Бу порт контейнер поездларини Марказий Осиё ҳудуди орқали тўғридан-тўғри Европага жўнатиш учун муҳим марказ бўлади. Шунингдек, биз Транскаспий йўналишини Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси билан бирлаштиришга келишиб олдик», – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистондан Европага энергия ресурсларини ташиш йўналишларини диверсификация этишга алоҳида эътибор қаратди.

«Ҳозирда Қозоғистоннинг Европага экспорт қилинадиган нефтининг 80 фоизи Каспий қувурлари консорциуми орқали амалга ошириляпти. Биз Европа Иттифоқи умумий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ушбу стратегик аҳамиятга эга қувур орқали нефтни узоқ муддатли ва барқарор етказиб беришни қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонамиз», – деди Президент.

Шу билан бирга, Давлат раҳбари бошқа йўналишларда етказиб бериладиган нефть экспорти истиқболларига ҳам ойдинлик киритди.

«Масалан, жорий йил бошидан «Актау – Боку – Тбилиси – Джейхан» йўналиши бўйича йилига 1,5 миллион тонна Қозоғистон нефтини ташиш ишлари бошланди. Ўрта муддатли истиқболда биз Транскаспий йўналиши бўйича Ақтау-Батуми йўналишидаги қувур орқали юк ташиш ҳажмини оширишни режалаштиряпмиз. Айни пайтда Қозоғистон «Дружба» қувури орқали Германияга нефть етказиб бера бошлади. Жорий йил бошидан буён 90 минг тонна нефть етказиб берилди. Бу кўрсаткични 1,2 миллион тоннага етказиш имкониятимиз бор ва келгусида янада ошириш ниятидамиз», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Шу билан бирга, Президент иқлим ва «яшил энергия»га ўтиш соҳаларида ҳамкорликни навбатдаги устувор йўналиш сифатида қайд этди.

«Биз ёпиқ иқтисодиёт тамойилларини фаол ҳаётга татбиқ этяпмиз. Мамлакат энергия баланси таркибида қайта тикланадиган энергия манбаларининг улуши 4,5 фоизга етди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 15 фоизга етиши керак. Шу нуқтаи назардан, Global Gateway стратегияси ва Team Europe ташаббусини амалга ошириш доирасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши, сув ресурслари, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент рақамли ривожланиш ҳақида гапирар экан, бу йўналишда ҳамкорлик қилиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

«Жорий йил мартда Microsoft компанияси Қозоғистонда илғор технологияларни жалб этиш марказига айланадиган кўплаб минтақавий хаб очгани маълум бўлди. Биз ўз олдимизга 2025 йилгача камида 100 минг нафар юқори малакали IT мутахассисларини тайёрлаш вазифасини қўйганмиз. Шу боис Қозоғистонда, жумладан, муҳим минтақавий IT платформага айланган Astana Hub технопарки негизида Европа университетларининг филиалларини очишга таклиф қиламан. Умуман олганда, рақамлаштириш соҳасидаги ишланмаларимизни кенгайтириш ва рақамли марказ сифатида минтақавий даражада тажриба алмашишни режалаштирганмиз», – деди Давлат раҳбари.

ҚР Президенти ўз нутқини якунлар экан, Европа Иттифоқи томонидан Қозоғистоннинг ташқи сиёсий ташаббусларини илгари суриш ва кенг кўламли демократик ўзгаришларни амалга оширишда кўрсатилаётган ёрдамни юксак баҳолади.

Саммитда Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов сўзга чиқди.

Учрашув якунларига кўра, йиғилиш иштирокчилари қўшма пресс-релизни қабул қилди.

Сўнгги хабарлар