Қасим-Жомарт Тоқаев Лисаков шаҳридаги иссиқлик электр марказига ташриф буюрди

Фото:
LISAKOV.Kazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қостанай вилоятига амалий ташрифи чоғида Лисаков шаҳридаги иссиқлик электр марказида бўлди, дея хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.

Давлат раҳбарига иссиқлик марказининг жиҳозланиши, шаҳар коммунал инфратузилмасининг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берилди.

«Лисаковскгоркоммунэнерго» корхонага тегишли Лисаков шаҳрини иссиқлик билан таъминлайдиган марказий қозон ва шаҳар яқинидаги Октябр қишлоғида жойлашган иккита блок-модулли қозон мавжуд.

Лисаков шаҳар ҳокими Абай Ибраевнинг айтишича, иссиқлик маркази 1968-78 йилларда фойдаланишга топширилган. Марказдаги сув иситиш қозонлари охирги марта 2020 йилда капитал таъмирланган. Уларнинг ўртача эскириш даражаси 51 фоизга етди. Шу боис яқин йилларда сув иситиш қозонларини капитал таъмирлаш режалаштирилган.

Умумий узунлиги 112 километр бўлган иссиқлик тармоғининг эскириш даражаси эса 41 фоизни ташкил этади. 2012 йилдан буён «Кичик ва ягона шаҳарларни ривожлантириш» дастури доирасида иссиқлик тармоқлари инфратузилмаси билан боғлиқ 8 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада эскириш даражаси 7 фоизга камайиб, 41 фоизни ташкил этди. Охирги беш йил ичида иситиш қувурларида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар сони икки баравар камайди.

Шаҳар ҳокимининг таъкидлашича, келгусида шаҳарнинг иссиқлик тармоғи ва бошқа коммунал инфратузилмасини модернизация қилиш давом эттирилади.

Давлат раҳбари уй-жой коммунал хўжалигининг стратегик аҳамияти катта эканига эътибор қаратиб, шаҳар ва туманлар ҳокимларига иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш масаласи билан тизимли шуғулланиш бўйича топшириқлар берди.


Фото: akorda.kz

Сўнгги хабарлар