Қасим-Жомарт Тоқаев қозоқ-ўзбек алоқаларининг янги босқичига ўз муносабатини билдирди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ОАВ вакиллари учун ўтказилган қўшма брифингда қозоқ-ўзбек алоқалари ҳақида муносабат билдирди, деб хабар беради Kazinform.

«Ўзбекистон биз учун нафақат яхши қўшни ва муҳим ҳамкор, балки илдиз, тақдир ва қардошлик юртидир. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари муваффақиятли ривожланмоқда. Савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кенгайди. Бугунги музокараларда қозоқ-ўзбек муносабатларини янги босқичга кўтаришнинг самарали йўллари белгилаб берилди. Халқаро ва минтақавий долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдик. Кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдик. Бугунги ташриф муносабатларга янги суръат бағишлайди, деб умид қиламан. Шу муносабат билан ҳамкорлигимизни иттифоқчиликнинг янги босқичига кўтариш бўйича тарихий қарор қабул қилинганини алоҳида миннатдорлик билан қайд этмоқчиман. Бу биродарлигимиз ва кўп қиррали интеграциямизни мустаҳкамлайдиган муҳим қадамдир», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари қозоқ-ўзбек муносабатлари бугунги кунда юксак даражада ривожланиб бораётгани, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳига тўла мос келишини таъкидлади.

Қозоғистон ва Ўзбекистон минтақадаги энг йирик иқтисодий шериклардир. Жорий йилнинг 10 ойи якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошиб, 3,2 миллиард доллардан ошди. Қасим-Жомарт Тоқаевнинг фикрича, саноат, машинасозлик, фармацевтика, транспорт ва логистика соҳаларида қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши бу муваффақиятга хизмат қилди. Энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик муттасил ривожланиб бормоқда. Икки давлат Ҳукуматларига товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. Мамлакатларимиз фуқаролари учун қулай шароитлар яратилган. Икки давлат пойтахтлари ва йирик шаҳарлари ўртасида қўшимча рейслар йўлга қўйилди, автобус қатнови кенгайтирилди, янги темир йўл йўналишлари ишлаб чиқилмоқда, кераксиз тўсиқлар бартараф этилмоқда.

«Буларнинг барчасини халқларимиз катта хурсандчилик билан қабул қилмоқда ва бу қардош халқларнинг янада яқинлашишига янги суръат бағишлайди. Шу муносабат билан бугун муҳтарам Шавкат Миромонович билан давлатлараро муносабатларни иттифоқчилик даражасига кўтаришга қарор қилдик. Ушбу тарихий қарор ишонч, қўллаб-қувватлаш ва умумий манфаатлар йўлида яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга бўлган самимий интилишимизга асосланади. Биз иттифоқчилик муносабатларини мувофиқлаштирувчи ишчи орган сифатида Олий давлатлараро кенгаш, Парламентлараро кенгаш, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлари кенгашини ташкил этишга келишиб олдик. Иттифоқчилик тамойиллари янги имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияда ўз ифодасини топган. Шу тариқа, кўп томонлама қозоқ-ўзбек муносабатлари йилномасида янги ва ёрқин саҳифа очилди, деб ишонч билан айтишимиз мумкин. Бу, шубҳасиз, Марказий Осиё минтақаси барқарорлиги ва фаровонлигига қўшилаётган салмоқли ҳиссадир», - деди Давлат раҳбари.

Сўнгги хабарлар