Қасим-Жомарт Тоқаев қозоғистонликларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади

Фото: Фото: akorda.kz
ASTANА. Кazinform – Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев қозоғистонликларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади, дея хабар беради Кazinform Ақорда расмий сайтига таяниб.

Сизларни Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан табриклайман! Бу нафақат ҳарбий хизматчиларнинг, балки барчамизнинг муқаддас байрамимиздир. Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг фарзандлик бурчидир. Ватанга чексиз муҳаббатнинг ёрқин ифодаси.

Мамлакатимиз мудофаа қобилиятини ошириш асосий стратегик мақсадларимиздан биридир. Қозоғистон армияси ҳар қандай вазиятда ҳам мамлакатимизни ҳимоя қилишга тайёр бўлиши керак. Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз суверенитети ва яхлитлиги, халқимизнинг бузилмас бирлиги ва порлоқ келажаги гарови бўлиб қолмоқда.

Бугун аскарларимиз қаҳрамон аждодларимизнинг шонли йўлини давом эттириб, эл-юрт тинчлигини огоҳлик билан қўриқламоқда. Уларнинг хавфсизликни таъминлаш йўлидаги тинимсиз хизмати навқирон авлодга ҳамиша ўрнак бўлиб келмоқда.

Ўз бурчини беғараз бажариб, қасамёдига содиқлик кўрсатган барча аскарларимизга чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Армиямиз шон-шуҳрати баланд бўлсин! Юртимиз пойдевори доимо мустаҳкам бўлсин!

Ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ва барча юртдошларимизга мустаҳкам соғлик, куч-ғайрат ва фаровонлик тилайман!


Сўнгги хабарлар