Қасим-Жомарт Тоқаев халқ олдида қасамёд қилди

None
ASTANA. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Президенти этиб қайта сайланган Қасим-Жомарт Тоқаев Давлат раҳбарининг инаугурация маросимида халқ олдида қасамёд қилди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Президент қасамёд қилишдан аввал тантанали маросим бўлиб ўтадиган тантанали залга Қозоғистон Республикаси байроғи, штандарти ва Конституцияси келтирилди.

«Қозоғистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, Қозоғистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга, Қозоғистон Республикаси Президенти томонидан менга юкланган шарафли бурчни содиқлик билан бажаришга тантанали қасамёд қиламан», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев Конституцияга қўлини қўйиб.

Шу пайтдан бошлаб Президент ўз лавозимига кирган деб ҳисобланади.

Қасамёд қабул қилингандан сўнг Қозоғистон Республикаси Давлат мадҳияси ижро этилди. Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси раиси Давлат раҳбарига Қозоғистон Республикаси Президентининг гувоҳномасини топширди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси якунларига кўра, 20 ноябр куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловида номзод Қасим-Жомарт Токаев сайловчиларнинг 81,31 фоиз овозини олиб, ғалаба қозонган эди.

Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси Қозоғистон Республикаси Президентининг қасамёд қилиш кунини 26 ноябрга белгилади.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай


Сўнгги хабарлар