Қасим-Жомарт Тоқаев FIFA президенти Жанни Инфантинони қабул қилди

Фото: Фото: akorda.kz
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Халқаро футбол федерацияси президенти Жанни Инфантинони қабул қилди, дея хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.

Учрашувда Қозоғистонда футбол салоҳиятини ошириш, шунингдек, болалар ва ўсмирлар спортини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Жанни Инфантинони FIFA президенти лавозимига қайта сайлангани билан табриклаб, жаҳон футболи ҳамда Қозоғистон футболи ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.

Давлат раҳбари FIFA билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини юқори баҳолади.

«Сизнинг ташрифингиз Қозоғистон футболини ривожлантириш нуқтаи назаридан жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Дунёда энг оммабоп спорт тури ҳисобланган футбол ривожи йўлида улкан ишлар қилаётганингизни биламан. Биз сизнинг меҳнатингизни ҳурмат қиламиз ва FIFA президенти сифатида сизни қўллаб-қувватлаймиз. Биз FIFA ва шахсан сиз билан ҳамкорликни кучайтиришга тайёрмиз», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистонда 1 миллиондан ортиқ киши футбол билан мунтазам шуғулланади. Бугунги кунда мамлакатнинг барча ҳудудларида 17 та футбол маркази ва 2 та академия фаолият юритмоқда. У ерда 7 мингдан ортиқ бола шуғулланади.

Жанни Инфинтино FIFA энг яхши халқаро тажрибалар билан ўртоқлашишга ва Қозоғистон футболини ривожлантиришда иштирок этишга тайёрлигини айтди.

«Мамлакатингизга бир неча бор ташриф буюрганман, лекин FIFA президенти сифатида биринчи марта ташриф буюряпман. Шу сабабдан сиз билан танишганимдан хурсандман. Биламан, сиз бу ажойиб мамлакатдаги ҳар бир футбол ишқибози каби футболни севасиз. Биз биргаликда кўп нарсаларни амалга ошира оламиз. Қозоғистон нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида жуда муҳим давлатга айланди. Қозоғистон FIFA учун ишончли ҳамкор ҳисобланади. Биз биргаликда ишлашимиз керак. Чунки бу мамлакатда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам футбол орқали жамиятни бирлаштириш учун кенг имкониятлар мавжуд», – деди Жанни Инфантино.

Аввал хабар берганимиздек, FIFA президенти Жанни Инфантино амалий ташриф билан Қозоғистонга келди.

Сўнгги хабарлар