Қасим-Жомарт Тоқаев FIDE президенти Аркадий Дворковични қабул қилди

29 Сентябрь, 13:45
Қасим-Жомарт Тоқаев FIDE президенти Аркадий Дворковични қабул қилди

ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари Халқаро шахмат федерацияси президенти Аркадий Дворковични қабул қилди, дея хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.

Қасим-Жомарт Тоқаев Аркадий Дворковични яқинда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти лавозимига қайта сайлангани билан табриклади.

Учрашувда Давлат раҳбарига Астана шаҳрида дунёнинг энг кучли 12 нафар шахматчисини жамлаган FIDE Гран-присининг аёллар ўртасидаги биринчи босқичи ўтказилгани ҳақида маълумот берилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев бундай даражадаги тадбирларнинг ўтказилиши мамлакатда шахмат спортини ривожлантиришга катта ҳисса қўшишини таъкидлади.

«Қозоғистонда шахмат, айниқса, болалар ва ёшлар ўртасида кенг оммалашган. Бизда 7000 дан ортиқ бўлимлар мавжуд, аммо биз бу кўрсаткични камида икки баробарга оширишимиз керак. Ҳозирда 200 мингдан ортиқ киши шахмат ўйнайди. Қозоғистонлик шахматчилар халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этмоқда. Биз ушбу спорт турини қўллаб-қувватлашни алоҳида таъкидлаймиз. Шахматни ривожлантириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди. «Мактабда шахмат» кенг кўламли лойиҳасини амалга оширишни режалаштирганмиз»

, – деди Давлат раҳбари.

Ўз навбатида Аркадий Дворкович Қозоғистонда шахматни шахсан қўллаб-қувватлаб, уни оммавий спорт турига айлантиргани учун Қасим-Жомарт Тоқаевга миннатдорлик билдирди ва FIDE шахматни мактаб ўқув дастурига киритиш бўйича халқаро тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.

Шу билан бирга, Қозоғистон ва FIDE ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди, мамлакатимизда йирик халқаро турнирларни ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Фото: akorda.kz

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар