Карантинга олинган ҳудудлар аҳолисига коммунал хизматлар учун ҳар ой 15 минг тг берилади

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги карантинга олинган ҳудудлар аҳолининг айрим тоифаларига коммунал хизматлар учун 15 минг танга миқдорида ёрдам пули берилишини маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Президент фавқулодда вазиятлар ва карантин пайтида коммунал хизмат ҳақини камайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқишни буюрди. Уни амалга ошириш доирасида Қозоғистон Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги коммунал хизматлар билан шартномалари бўлган истеъмолчилар учун коммунал тўловларни тўлаш механизмини ишлаб чиқди», - дейилади вазирлик хабарида.

Хусусан, карантинга олинган ҳудудларда ҳокимликлар 2 ой давомида истеъмолчиларнинг шахсий (абонент) ҳисоб рақамларига 15 минг тангадан пул ўтказадилар. Давлат органларининг тавсиялари асосида бенефициарларнинг қуйидаги тоифалари аниқланди. Улар:

- 1, 2, 3 гуруҳ ногиронлари;

- ногирон болаларни тарбиялаётган оилалар;

- кўп болали оилалар;

- ІІ жаҳон уруши ногиронлари ва уруш қатнашчилари, ногиронлари ва ІІ жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

- давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш, ҳарбий хизматни бажариш, космосга тайёргарлик ёки парвоз пайтида, инсон ҳаётини қутқариш ва ҳуқуқни муҳофаза қилишда ҳалок бўлганларнинг оилалари;

- кам миқдорда пенсия оладиган нафақахўрлар;

- манзилли ижтимоий ёрдам оладиган фуқаролар, шу жумладан ёлғиз нафақахўрлар.

«Тўловни олиш учун истеъмолчи шахсий идентификация рақами, ижтимоий ҳолати ва шахсий ҳисоб маълумотларини кўрсатган ҳолда ахборот тизимлари ёки колл-марказ орқали ҳокимият идорасига мурожаат қилиши керак. Ҳокимият тақдим этилган маълумотларни текширади ва агар маълумот тўғри бўлса, коммунал хизматлар истеъмолчисининг шахсий (абонент) ҳисобига маблағ ўтказади», дейилади хабарда.

Вазирлик ҳокимиятларга истеъмолчилар мурожаатларини қабул қилиши ва уларнинг текширилишини тўғри ташкил қилиши кераклигини эслатади.

Муаллиф: Аян Бекенўғли


Сўнгги хабарлар