Қўш элнинг лочин сиймоси

None
Фото: oq.gov.kz
TASHKENT. UzA-Kazinform – Тошкентдаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида атоқли қозоқ ёзувчиси, драматург, таржимон ва жамоат арбоби Рахметолла Райимқулов таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан «Қўш элнинг лочин сиймоси» номли халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди, дея хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Тадбир иштирокчилари дастлаб конференция муносабати билан ташкил этилган китоблар кўргазмаси билан танишдилар. Анжуман доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси ва Қозоғистон Фанлар академияси вакиллари қабул қилинди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Қозоғистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, ёзувчи Малик Отарбаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Турон академияси академиги Қалдибек Сейданов, Қозоғистон Республикаси давлат арбоби, ёзувчи ва публицист Саутбек Абдурахманов ва бошқалар икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик алоқалари кейинги йилларда янада ривожланиб, янги босқичга кирганини таъкидлади.

Мазкур тантанали тадбирга Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг махсус табрик мактуби йўлланган, уни Давлат раҳбари маслаҳатчиси Малик Отарбаев ўқиб эшиттирди.

Рахметолла Райимқулов 1913 йилда ҳозирги Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Қораманас қишлоғида туғилган.

1929 йилда Тошкентда тўрт синфли қозоқ мактабида таълим олиб, кейин педагогика техникумига ўқишга киради. 1933 йилда ўқишни тугаллаб, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги «Олға» газетасида муҳаррир сифатида ҳам ишлайди. 1935-1936 йилларда Тошкентдаги педагогика олийгоҳида ўқийди. Унинг кейинги фаолияти Қозоғистон нашрлари билан боғланади. 1941-1946 йиллар давомида Иккинчи жаҳон урушида иштирок этади.

Рахметолла Райимқулов Қозоғистоннинг ноширлик, ёзувчилик билан боғлиқ бир қатор тузилмаларида меҳнат қилди. Қатор асарлари билан ўқувчилар меҳрини қозонди. Унинг турли йилларда «Ваъда» (1958), «Яшил тўсиқ» (1960), «Туя минган одам» (1962), «Ўлим билан юзма-юз» (1963), «Таёқчали одам»(1964), «Сурма» (1964), «Бурилишлар» (1967), «Кўзгу - қиз» (1970) ,«Пўлат парчалари» (1975), «Қора йўрға» (1993) насрий тўпламлари нашр этилган.

Ижодкор моҳир таржимон сифатида ҳам муносиб мерос қолдирган.Тожик, ўзбек, уйғур ва латиш адабиёти намуналарини қозоқ тилига ўгириб, нашр эттирган. Садриддин Айнийнинг «Бухоро» трилогиясининг иккита китоби, Мирмуҳсиннинг «Умид» романини, уйғур ёзувчиси Юсупбек Мухлисовнинг «Муҳаббат» новелласини, украин ёзувчиси Олег Гончарнинг ҳикоялари ва романларини қозоқ тилига таржима қилган.

Тадбирда Рахметолла Райимқулов таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан ўтказилган «Қўш элнинг лочин сиймоси» номли халқаро танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.

Айни пайтда Рахметолла Райимқуловнинг «Бўз капалак» , «Рахметолла Райимқулов. Ибратли умр» китобининг тақдимоти ўтказилди.

Сўнгги хабарлар