Кўмир нархининг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш ҳақида ҳозирдан ўйлаш керак, – ҚР Бош вазири
12 Май 13:29

Кўмир нархининг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш ҳақида ҳозирдан ўйлаш керак, – ҚР Бош вазири

NUR-SULTAN. Кazinform - Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов Ҳукумат йиғилишида кўмир нархининг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш долзарблигини эслатди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

«Ўтган йилнинг сентябр ойида куннинг эрта совиши туфайли Шарқий Қозоғистон, Шимолий Қозоғистон, Павлодар ва Қостанай вилоятларида кўмир учун узун навбатларга гувоҳ бўлдик. Бу вазиятдан чайқовчилар фойдаланиб, кўмир нархини кескин ошириб юборишди. Бу эса аҳоли ўртасида норозилик уйғотди. Индустрия вазирлиги ҳокимликлар билан биргаликда аҳоли ва иссиқлик электр стансиялари ҳамда қозонхоналарни зарур миқдорда кўмир билан олдиндан таъминлаш бўйича ишларни ташкил этиши лозим», — деди Алихан Смаилов.

Шунингдек, жойларда аҳолига кўмир сотиш юзасидан тушунтириш ишларини ўз вақтида олиб бориш бўйича топшириқлар берди.

«Қазақстан темір жолы» компанияси электр станцияларини зарур вагонлар билан таъминлаб, кўмир етказиб беришга устувор аҳамият берсин. Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги ҳокимликлар билан биргаликда кўмир нархини алоҳида назоратга олиб, кўмир нархининг, айниқса, аҳоли учун асоссиз ошишига йўл қўймаслик чораларини кўрсин. Умуман олганда, Энергетика ва Индустрия вазирликларига объектларни бўлажак иситиш мавсумига тайёрлашни қатъий назорат қилишни топшираман», — деди Бош вазир.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай

Янгиликлар

Архив