Исроил компанияси Қозоғистонга сувни чучуклаштириш ускуналарини етказиб бериш ниятида

None
ТЕL-АVIV. Кazinform – Исроил компанияси Қозоғистонга, хусусан, Манғистау вилоятига сувни чучуклаштириш ускуналарини етказиб бермоқчи, дея хабар беради Кazinform ТИВ расмий сайтига таяниб.

Қозоғистоннинг Исроилдаги Элчиси Сатибалди Буршақов сувни тозалаш бўйича ечимлар соҳасида жаҳон етакчиларидан бири бўлган Исроилнинг «IDE Technologies» компаниясига ташриф буюрди. Учрашувда компания вице-президенти Михаел Трэмер сувни чучуклаштириш ва саноат сув тозалаш иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш имкониятларини тақдим этди.

С. Буршақов аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш долзарблигини таъкидлаб, бу борадаги ҳамкорликнинг муһим аҳамиятига эътибор қаратди. Шу муносабат билан Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Манғистау вилоятидаги сувни чучуклаштириш корхоналарини модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш лойиҳаларига эътибор қаратишини маълум қилган эди.

Музокараларнинг давоми сифатида Манғистау атом электр станцияси делегациясининг Исроилга ташрифи ташкил этилди. Маҳаллий компания раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар денгиз сувини чучуклаштириш технологиялари соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, иншоотлардан фойдаланиш бўйича тажриба алмашишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Қозоғистон делегацияси Ҳадера шаҳрида тескари осмос технологияси бўйича ишловчи сувни чучуклаштириш мажмуаси ишлаб чиқариши билан танишди.

«МАЭК» МЧЖ бош директорининг ўринбосари А. Уйкекбаев илгари Исроил компаниясидан сотиб олинган сувни чучуклаштириш қурилмаларидан фойдаланишнинг ижобий тажрибасини қайд этди. Ўз навбатида, Исроил компанияси Манғистау вилояти ҳокимлиги лойиҳаси бўйича аҳоли эҳтиёжлари учун кунига 24 минг куб метр қувватга эга ичимлик сувини чучуклаштириш ускунасини етказиб беришни ташкил этиш ниятида эканлигини билдирди.

Сўнгги хабарлар