«Ипак йўли дурдонаси»: Тимур Бекмамбетов билан учрашув бўлиб ўтди

Фото: None
TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистонда ўтказилаётган «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали кўтаринки руҳда давом этмоқда. Фестиваль доирасида режиссёр ва продюсер Тимур Бекмамбетов билан ижодий учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Учрашувда Тимур Бекмамбетов ижодий фаолияти ва маданият соҳасини ривожлантириш мақсадида тузилган жамғарма ҳақида маълумотлар тақдим этди. Унинг айтишича, фонднинг фаолияти ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Учрашувда режиссёрнинг фонд кўмаги билан ишланган, Токиода ўтказилган паралимпиада ўйинлари иштирокчиси ҳамюртимиз Асила Мирзаёрова ҳақидаги қисқа метражли анимацион фильмни намойиш қилинди. Ушбу картина томошабинлар томонидан юқори эътироф этилди.

Шунингдек, Тимур Бекмамбетов фонди ҳомийлигида ишланган режиссёр Леван Габриадзенинг «Онажон, биласизми, мен қаердаман?» фильми, Жанна Бекмамбетованинг «Чик-чирик» мультфильми намойиш этилди.

Леван Габриадзенинг «Онажон, биласизми, мен қаердаман?» фильми фақат болалар учун мўлжалланмаган. Ундаги воқеалар ривожи кишини идрок этишга чорлайди.

Жанна Бекмамбетованинг «Чик-чирик» анимацион фильми кишини мулоҳазага чорлайди. Ўйлатади, мушоҳада қилдиради. Қуш образидаги ҳолатлар кишини йиғлата олади, кулдира олади. Картинадаги арқон инсоннинг умри қил устида тургандек маъно беради гўё. Қуш эса инсоният ва қушлар ўртасида абадий дўстликка ишора. Анимацион фильмда уруш ва тинчлик акс эттирилган. Унда умрнинг ўткинчилиги ва ҳаётнинг синовли эканлигига ишоралар бор. Қисқа анимацион фильмлар томошабинларни мафтун қилди.

Картиналар намойишидан сўнг, талаба-ёшлар ва киноижодкорлар ўртасида қизғин савол-жавоблар ташкил этилди. Анимацион кўникма ва маҳоратларни бойитишга қаратилган мастер-класслар ўтказилди.


Сўнгги хабарлар