Индонезия Қозоғистонда шиналар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

Фото:
MOSKVA. Kazinform – Қозоғистон ва Индонезия икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга. Бу ҳақда Индонезия иқтисодиёт вазирининг махсус маслаҳатчиси Ризал Аффанди II Евроосиё иқтисодий форумида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Бизда икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Икки йил аввал вазирлик делегацияси Қозоғистонда бўлган эди, шундан сўнг биз ҳамкорликни давом эттириш ва мустаҳкамлашга келишиб олдик. Менимча, бу ривожланиш учун катта имкониятлар яратади. Биз Евроосиё иқтисодий форумида музокаралар ўтказиш ва келишувларни амалга ошириш икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш учун шароит яратишини тушунамиз», - деди махсус маслаҳатчи Ризал Аффанди.

Унинг қайд этишича, Қозоғистон Индонезияга жуда кўп маҳсулот етказиб беради ва умумий импортда салмоқли улушга эга. Ўз навбатида, Индонезия улардан ички бозор учун ҳам, Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларига маҳсулот экспорт қилиш учун ҳам фойдаланади. Бундан ташқари, ҳамкорликда иш олиб боришнинг катта салоҳияти қўшма саноат ишлаб чиқариши соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари билан боғлиқ.

«Ҳозир Қозоғистон ҳудудида автомобиль шиналари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини ўрганяпмиз. Бу ғоянинг амалга оширилиши савдо-иқтисодий ҳамкорлигимизга янги суръат бағишлайди, деб ўйлайман», - деди Р. Аффанди.

Индонезия вакилининг айтишича, Астана ва Жакарта халқаро муносабатларнинг кўплаб масалалари бўйича сиёсий қарашлари ўхшаш.

«Индонезия дунёнинг кўплаб давлатлари билан дўстона муносабатларга эга. Айни пайтда мамлакатларимиз савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга, энг муҳими, ўзаро ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашдан иборат. Мамлакатлар ўртасидаги тил тўсиқларини енгиб ўтиш ва Индонезия ва Қозоғистон ўртасидаги ахборот маконида янги кўприклар яратиш зарур», - дея хулоса қилди махсус маслаҳатчи.

Муаллиф: Айжан Серикжанқизи


Сўнгги хабарлар