Ҳиндистонда поездларнинг тўқнашуви натижасида 50 киши ҳалок бўлди, 500 киши жароҳатланди

None
Фото: REUTERS
NEW DELHI. Kazinform – Ҳиндистон шарқидаги Одиша (собиқ Орисса) штатида икки йўловчи поезди ва битта юк поездининг тўқнашуви натижасида 50 киши ҳалок бўлди, 500 га яқин киши турли оғирликдаги жароҳат олди, дея хабар беради Kazinform ВВСга таяниб.

Дастлабки маълумотларга кўра, Шалимар-Коромандель тезюрар поезди маҳаллий вақт билан тахминан 19:00 да релсдан чиқиб кетган, бир нечта вагонлар Есвантпур-Хаора поезди келаётган бошқа йўлда қолган.

Иккинчи поезд вагонлар билан тўқнашиб кетган, шундан сўнг навбатдаги тўқнашув юк поезди билан содир бўлган.

Ҳодиса жойига 50 га яқин тез ёрдам машинаси етиб келган, гувоҳларнинг сўзларига кўра, тирик қолган кўплаб йўловчилар ағдарилиб кетган вагонларда бўлган йўловчиларга ёрдамга келган.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ҳамда Twitter саҳифасида ҳалокат жойида қутқарув ишлари олиб борилаётгани ва жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатилиши учун барча имкониятлар ишга солинаётганини, бироқ қурбонлар сонининг ҳали ҳам ортиши мумкинлигини хабар қилган.

Ҳиндистонда турли темир йўл ҳалокатлари йилига бир неча юз марта, тез-тез содир бўлади, лекин бу сафар қурбонлар сони кўп.

Сўнгги хабарлар