Ҳиндистон Туркияга қутқарувчилар ва дори воситалари юборди
Душанба куни эрталаб Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимолида 7,8, 7,6 ва 6 магнитудали зилзилалар содир бўлиб, минтақада 4300 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди душанба куни мамлакат расмийларига зилзила оқибатларини бартараф этиш учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни топширди.
«Инсонпарварлик ёрдамининг биринчи партияси – қидирув-қутқарув гуруҳлари, махсус ўқитилган итлар, дори-дармонлар, бурғулаш машиналари ва бошқа зарур жиҳозлар Туркияга жўнатилади», - деб ёзди Ҳиндистон ТИВ матбуот котиби Ариндам Багчи Twitter саҳифасида.
Indian Express нашрининг аниқлик киритишича, Ҳиндистон Туркияга махсус тайёргарликдан ўтган ходимлардан иборат иккита қидирув-қутқарув гуруҳи юборган.
Туркиянинг Ҳиндистондаги элчиси Фират Сунел Ҳиндистон ҳукуматига ёрдам учун миннатдорчилик билдирди.
Кўпгина ҳукуматлар зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда қутқарув ишларига ёрдам бериш учун ходимлар, тиббий буюмлар ва жиҳозлар юбормоқда.
Фото:Twitter/@MEAIndia