Иккинчи жаҳон урушида қатнашган қозоғистонликлар билан боғлиқ ҳужжатлар рақамлаштирилади

None
ASTANA. Kazinform – 2023 йилда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган қозоғистонликлар билан боғлиқ ҳужжатларни рақамлаштириш бошланади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаиловнинг Парламент Мажилиси депутатлари саволига берган жавобида айтилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
«Иккинчи жаҳон уруши йилларида Қизил Армия сафига чақирилган офицерларнинг шахсий ишлари, армияга эшелонларда жўнатилган жамоаларнинг номлари рўйхатлари, ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар тўғрисидаги хабарлар Мудофаа вазирлигининг маҳаллий ҳарбий бошқарув органларида сақланади. Мудофаа вазирлиги ушбу ҳужжатларни 2023 йилда рақамлаштиришни режалаштирмоқда»

, — деди Ҳукумат раҳбари ўз жавобида.

Унга кўра, Қозоғистон Республикасининг «Миллий архив фонди ва архивлар тўғрисида»ги қонуни ҳамда Миллий архив фонди ҳужжатларини сақлаш қоидаларига мувофиқ, архив фондлари архив ташкилотларида сақланади ва улардан жамоат ташкилотлари томонидан вақтинча фойдаланилади. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, архив ташкилотлари бу борада фаолият юритаётган жамоат ташкилотлари билан қонунчилик доирасида ҳамкорлик қилишга тайёр.

Бундан ташқари, Маданият ва спорт вазирлиги Россия Федерал архив хизмати билан биргаликда «Қозоғистон Иккинчи жаҳон уруши даврида» номли ҳужжатлар тўпламини чиқаришни режалаштирмоқда.

«Ушбу тўпламга Россия давлат архивларида сақланаётган Қозоғистонга оид 400 дан ортиқ махфийлаштирилган архив ҳужжатлари киритилади. Ҳозирда Қозоғистон Республикаси Марказий давлат архиви ходимлари томонидан Иккинчи жаҳон урушида қатнашган қозоғистонлик аскарларнинг шахсий ишлари ва хизмат карталари, шунингдек, Қозоғистон ҳудудида тузилган юқори мартабали офицерлар ва ҳарбий қисмлар тўғрисидаги Россия Мудофаа вазирлиги марказий архивидаги ҳужжатлар ўрганилмоқда»

, - деди Алихан Смаилов.

Шунингдек, «Архив – 2025» лойиҳаси доирасида Иккинчи жаҳон уруши даврига оид қимматли ҳужжатларни тадқиқ этиш ва илмий муомалага киритиш ишлари давом эттирилади.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар