ХВЖ миссияси Қозоғистон иқтисодиёти ишлаб чиқаришнинг пандемиягача бўлган даражасига етганини аниқлади

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Бош вазири Aсқар Мамин Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) Қозоғистондаги миссияси раҳбари Николя Бланше бошчилигидаги экспертлар билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради primeminister.kz.

Бош вазирга Қозоғистондаги иқтисодий вазият, пандемия оқибатларини камайтириш, аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган сиёсат ҳақида ХВЖ таҳлилий баҳолашлари ва прогнозлари таништирилди.

Жорий йилнинг 10 ойи якунларига кўра, миссия Қозоғистонда 3,5 фоизга реал ялпи ички маҳсулот ўсишининг ижобий динамикасини ва ишлаб чиқаришнинг пандемиядан олдинги даражага қайтишини аниқлади.

«Расмий органларнинг ҳаракатлари аҳоли даромадлари ва иқтисодий фаоллигига таъсирни юмшатишда муҳим рол ўйнади. Иқтисодий сиёсатнинг чора-тадбирлари ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархини тартибга солиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига нақд пул тўлаш, энг кўп жабрланган тармоқлар ва кичик ва ўрта бизнесга манзилли ёрдам кўрсатиш, жумладан, имтиёзли кредитлар ва солиқ имтиёзларини беришдан иборат эди. «Бандлик йўл харитаси» доирасидаги лойиҳалар бандликни қўллаб-қувватлашга ёрдам берди», — дейилади ХВЖ миссияси баёнотида.

Халқаро валюта жамғармаси экспертларининг прогнозларига кўра, 2021 йил охиригача Қозоғистон иқтисодиётининг ўсиш суръати тикланиш динамикасини сақлаб қолган ҳолда 3,7 фоизга етади.

ХВЖ миссияси Қозоғистоннинг молиявий назоратни кучайтириш, инфляцияни таргетлаш, солиқ ва бюджет бошқарувини рақамлаштириш, 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш бўйича мажбуриятларини юқори баҳолади.

Бош вазир Қозоғистон янги постпандемия воқелигида сифатли ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида давлат режалаштиришнинг янги тизимига ўтганини таъкидлади. Уни амалга ошириш доирасида Ҳукумат томонидан ҳудудларни ривожлантириш, тадбиркорлик, агробизнес, экология, рақамлаштириш, таълим ва фан, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш йўналишларида миллий лойиҳалар ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, сармоя жалб этишнинг янги усуллари ишлаб чиқилиб, «яшил» иқтисодиётни барпо этиш йўналишлари белгилаб олинди.

Томонлар пул-кредит, валюта, солиқ-бюджет сиёсати, банк секторидаги вазият, хусусий секторни ривожлантириш ва Қозоғистонда амалга оширилаётган иқтисодиётнинг таркибий ислоҳотларини муҳокама қилдилар.

Музокараларда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Aлихан Смаилов, Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги раиси Қайрат Келимбетов, Молия вазири Ерулан Жамаубаев, Миллий иқтисодиёт вазири Aсет Ерғалиев, Миллий банк раиси ўринбосари Aлия Молдабекова ва бошқалар иштирок этди.

Халқаро валюта жамғармаси миссияси Қозоғистонга йилига икки марта ХВЖ келишувининг IV моддасига мувофиқ йиллик маслаҳатлашувлар учун ташриф буюради.


Сўнгги хабарлар