Хитойга қозоғистонликлар визасиз бориши мумкин

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистоннинг Хитойдаги элчиси Шахрат Нуришев Хитой маданият ва туризм вазири Ху Хэпин билан учрашди, дея хабар беради Kazinform ҚР Марказий коммуникациялар хизматига таяниб.

Учрашувда маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ш.Нуришев келгусида барқарор ҳаво қатнови тикланиши ва инсоний алоқалар фаоллашишини ҳисобга олган ҳолда икки томонлама маданий-гуманитар мулоқотни фаоллаштириш зарурлигига эътибор қаратди. Қозоғистон элчиси Қозоғистон ва Хитойда ўзаро маданий марказларнинг ташкил этилиши бу борадаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга кучли туртки беришини таъкидлади.

Бундан ташқари, Ш.Нуришев суҳбатдошни Қозоғистоннинг туристик имкониятлари ва 2025 йилгача туризмни ривожлантириш Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Қозоғистон Республикаси Ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништирди. Элчи, шунингдек, Қозоғистон томонининг Хитой фуқаролари учун 14 кунгача визасиз режим жорий этиш режасини инобатга олган ҳолда Қозоғистон фуқаролари учун ҳам шундай шароит яратиш масаласини кўтарди.

Ўз навбатида Ху Хэпин Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги маданият ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик катта истиқболга эга эканлигини таъкидлади. Қозоғистон-Хитой ҳамкорлик қўмитасининг Маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича қуйи қўмитасининг йил охирига режалаштирилган 15-йиғилиши икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирди.

Шу билан бирга, Хитой маданият ва туризм вазири Қозоғистон Ҳукумати томонидан мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини очиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади ва Хитой томони маданий марказлар ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ШҲТ, ОҲИЧК ва «Марказий Осиё-Хитой» онлайн саммитида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси доирасида маданият ва туризм соҳасида ҳамкорликдаги тадбирларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. Қозоғистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси ва Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ўртасида яқин алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.


Сўнгги хабарлар