Хитойда автомобиллар экспорти 52,8 фоизга ошди

26 Сентябрь, 10:55
Хитойда автомобиллар экспорти 52,8 фоизга ошди

PEKIN. Kazinform – 2022 йилнинг январ-август ойларида Хитойда ишлаб чиқарилган автомобилларни хорижга экспорт қилишнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 52,8 фоизга ўсиш билан 1,8 миллион донадан ортиқни ташкил этди. Бу ҳақда Хитой автомобилсозлик ассоциацияси баёнотида маълум қилинган, дея хабар беради Kazinform мухбири.

2022 йилнинг саккиз ойида енгил автомобиллар экспорти йиллик кўрсаткичда 56,4 фоизга ўсган ҳолда 1,446 миллион донани, тижорат автомобиллари экспорти эса 371 минг донани (+40,2 фоиз) ташкил этди. Хитой автомобил ишлаб чиқарувчилари жорий йилнинг август ойида хорижга 300 мингдан ортиқ автомобил экспорт қилди.

Соҳа маълумотларига кўра, Хитойнинг SAIC Group ва Cherry каби автомобил ишлаб чиқарувчилари сотувлари таркибида экспорт улуши 20-40 фоизга етди. Cherry 2022 йилнинг дастлабки саккиз ойида хорижга жами 250 мингта автомобил экспорт қилди, бу ўтган йилга нисбатан 51,1 фоизга кўп.

Хитой автомобилсозлик саноатининг асосий савдо бозорлари - Осиё, Лотин Америкаси ва Европадир.

Хитойда янги энергия манбаларидан (New energy vehicle, NEV) фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган автомобиллар экспортида ўсиш кузатилди. 2022 йилнинг дастлабки саккиз ойида 341 мингга яқин NEV автомобиллари хорижга экспорт қилинди (+97,4%).

Хитой статистик маълумотларига кўра, Хитойда ишлаб чиқарилган NEV автомобилларининг экспорти асосан ривожланган мамлакатларга боради, бу умумий экспортнинг 85,6% ни ташкил қилади. 2021 йилдаги сотувлар натижаларига кўра, Европага жўнатилган Хитой NEV автомобилининг бир бирлигининг ўртача нархи тахминан 30 минг долларни ташкил қилган.

Хитой автомобил саноати ассоциациясининг прогнозларига кўра, 2022 йил охирига келиб, Хитойдан автомобиллар экспорти 2,4 миллион донадан ошиши кутилмоқда.

Муаллиф: Руслан Сулейменов


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар