Хитой Қозоғистоннинг ишончли дўсти ва ҳамкори бўлиб қолаверади – Си Цзинпин

None
NUR-SULTAN. Kazinform - Хитой Қозоғистоннинг ишончли дўсти ва ҳамкори бўлиб қолаверади. ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан учшарувда ХХР Раиси Си Цзинпин шундай баёнот берди, деб хабар беради Ақорда.

Си Цзинпин Қозоғистон-Хитой муносабатлари ривожини юқори баҳолади ва бугунги ташриф икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга янги суръат бағишлашини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Хитой минтақавий ва халқаро муаммолар бўйича Қозоғистон позициясини қўллаб-қувватлайди.

«Ҳеч шубҳа йўқки, Қозоғистон халқи Сизнинг раҳбарлигингизда давлат қурилиши ва миллий модернизация ишларида янги муваффақиятларга эришади. Яна такрор айтмоқчиманки, Хитой ҳукумати Қозоғистон билан муносабатларга катта эътибор қаратади. Халқаро вазият қандай ўзгармасин, биз келажакда Қозоғистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш тарафдоримиз. Барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш йўлида амалга ошираётган ислоҳотларингизни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз, ҳар қандай кучларнинг мамлакатингиз ички ишларига аралашишига қатъий қаршимиз. Хитой Қозоғистоннинг ишончли дўсти ва ишончли ҳамкори бўлган ва шундай бўлиб қолади. Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги куч синовидан ўтган муносабатлар доимий равишда янги мазмун билан тўлдирилиб, ривожланиб, ўз самарасини бермоқда. Мамлакатларимиз қатор соҳалардаги ҳамкорликнинг авангардига айланди. Биз чегара масалаларини биринчилардан бўлиб ҳал қилдик. Биз биринчилардан бўлиб «Бир камар, бир йўл» дастури доирасида ҳамкорлик моделини кўрсатиб, саноатлаштириш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантирдик. Биз икки томонлама муносабатларнинг жадал ривожланишига эришдик ва уни Хитой дипломатиясида тенгсиз бўлган абадий ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига олиб чиқдик. Бугун Қозоғистон-Хитой муносабатлари янги тарихий бошланишга эга»

, - деди Си Цзинпин.

Сўнгги хабарлар