ХХР ва АҚШ раҳбарлари Қасим-Жомарт Тоқаевни Наврўз байрами билан табриклади

Фото:
ASTANA. Kazinform – Наврўз байрами муносабати билан Қасим-Жомарт Тоқаевга хорижий давлатлар раҳбарларидан табриклар келмоқда, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин мамлакат ҳукумати ва халқи ҳамда шахсан ўз номидан йўллаган табрик телеграммасида дўст Қозоғистон халқига фаровонлик, Қасим-Жомарт Тоқаевга эса мустаҳкам соғлиқ, масъулиятли ишида муваффақият тилади.

«Мен Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаман. Сиз Хитойга давлат ташрифи билан келиб, жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган «Хитой – Марказий Осиё» биринчи саммитида иштирок этишингиздан хурсандман. Умид қиламанки, биз сиз билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашамиз», — дейилади Си Цзинпин телеграммасида.

АҚШ президенти Жо Байден Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистон халқини Наврўз ва Рамазон ойининг бошланиши билан табриклади.

«Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро стратегик шериклик ва халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар бутун минтақада тинчликни сақлашга ва минтақа тараққиётига хизмат қилмоқда. Бугун Астанадан Алматигача ва бутун мамлакат аҳолиси баҳорги янгиланиш байрамини нишонламоқда. Америка Қўшма Штатлари Қозоғистоннинг порлоқ келажаги, мамлакатда тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайдиган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларингизни доимо қўллаб-қувватлашини тасдиқлайман. Наврўз байрамингиз муборак бўлсин!«, - деб ёзди Жо Байден.

Сўнгги хабарлар