Халқаро транспорт йўлакларининг ўтказиш салохиятини ошириш зарур – ҚР Ҳукумат раҳбари

Фото:
ASTANA. Kazinform – Халқаро транспорт коридорларининг юк ташиш имкониятларини ошириш зарур. ҚР Бош вазири Алихан Смаилов тегишли вазирликларга топшириқлар берди, дея хабар бермоқда Kazinform Ҳукуматнинг расмий сайтига таяниб.

Ҳукумат раҳбари раислигида бўлиб ўтган йиғилишда Индустрия ва инфратузилмани ривожлантириш вазири (ИИРВ) Марат Қарабаев маълум қилдики, Қозоғистон ҳудудида умумий узунлиги 13 минг километр бўлган 8 та автомобиль транзит йўлаги мавжуд.

Ҳозирда «Алмати – Талдиқўрғон – Оскемен – Шемонайха – РФ чегараси» (768 км), «Ақтўбе – Атирау – РФ чегараси» (746 км), «Майқапшағай – Қалбатау – Семей – Павлодар – РФ чегараси» (415 км) ва «Алмати – Астана – Петропавловск – РФ чегараси» автомобил йўллари (31 км) таъмирланмоқда.

2030 йилгача «Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой» (1363 км) ва «Астана – Қостанай – Россия чегараси» (830 км) ва «Атирау – Орал – Россия чегараси» (587 км) автомобил йўлларини мос равишда янгилаш режалаштирилган.

Бош вазир бу ишни қўшни давлатларнинг ваколатли давлат органлари билан мувофиқлаштириб, Россия ва Хитойга логистика йўналишларини ҳамда Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади. Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, бундай ёндашув давлатлараро автомобил йўллари туташган жойларидаги «тор йўллар»ни тезда бартараф этиш ва бунинг натижасида юк айланмасини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

«Халқаро автомобил ва бошқа логистика коридорларининг юк ташиш имкониятларини ошириш зарур. Умуман олганда, бу ишга туртки бериш керак. Қолаверса, назорат-ўтказиш пунктларини янгилашга ҳам эътибор қаратиш лозим», — деди Алихан Смаилов.

Кенгаш хулосасига кўра, ИИРВ зиммасига аниқ топшириқлар берилди.


Сўнгги хабарлар