Германияда давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганлар кимлар ва уларнинг мақсади нима

None
ASTANA. Kazinform – Ўнгчил экстремистлар Германияда давлат тўнтариши уюштиришга уринди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, улар бу тўнтаришни анчадан бери режалаштирган ва фақат керакли дақиқани кутишган. Бироқ бугун эрталаб махсус операция натижасида террорчилар фош қилиниб, 25 нафар экстремист қўлга олинди. 50 дан ортиқ одам гумон остида.

Германияда ким давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганлиги ва улар ҳокимиятни қандай қўлга киритишга урингани Kazinform экспертининг материалида.

Фото: DPA PICTURE ALLIANCE

Германия полицияси давлат тўнтаришини амалга ошириш мақсадида Бундестагга (Германия парламенти) бостириб киришни режалаштирган «Рейхсбургер» номли ўнг қанот экстремистлар гуруҳига қарши операция ўтказмоқда. Бу ҳақда Германиянинг Zeit газетаси хабар берди.

Газетага кўра, чоршанба куни эрталаб Германияда ўнлаб одамлар давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрганликда гумонланиб ҳибсга олинган. Эрталабдан бери 3000 нафар полициячи мамлакат бўйлаб 130 дан ортиқ уй ва хонадонларда тинтув ўтказди.

Тўнтариш ташаббускорлари ортида ким турибди?

Ҳозирда 52 киши давлат тўнтаришига алоқадорликда гумон қилинмоқда. Ўнг қанот террор ташкилотига аъзо бўлган ёки уни қўллаб-қувватлаган 25 киши аллақачон қўлга олиниб ҳибсга олинган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, улар мамлакатнинг турли минтақаларида, хусусан, Баден-Вюртемберг, Бавария, Берлин, Гессен, Саксония, Қуйи Саксония, Тюрингия, шунингдек, Австриянинг Китцбюэль ва Италиянинг Перуджа шаҳарларида ҳибсга олинган.

Фото:Pricke/NEWS5/AFP

Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари гумонланувчилар орасида Тюрингия шаҳзодаси Генрих XIII ва Германия парламентининг собиқ депутати Биргит Малзак-Винкеман ҳам борлигини маълум қилди. Номи тилга олинган Германиянинг юқори мартабали амалдорлари ҳозирда ҳибсда.

Яъни, «Германия учун альтернатива» ўнг қанот партиясидан Бундестагга сайланган собиқ депутат Биргит Малзак-Винкеманнинг уйи бугун тинтув қилинган объектлар орасида. Журналистларнинг ёзишича, эрталаб соат 6 ларда махсус кучлар Берлиннинг Ванзи турар-жой массивидаги таунхаусга бориб, эшикни бузиб киришган.

Бундестагдаги депутатликдан сўнг, Биргит Малзак-Винкеманн Берлин округ судида судья бўлган. Берлин адлия сенатори жорий йилнинг июн ойида Малзак-Винкеманнинг конституцияга содиқлигидан шубҳаланиб, уни вақтинча ишдан бўшатиш тўғрисида ариза берган эди. Бироқ маъмурий суд бу талабни рад этган. Винкеманнинг ушбу гуруҳдаги ўрни ҳақида маълумот ҳозирча маълум эмас.

Фото:Reuters

Шаҳзода Генри XIII 1918 йил ноябр инқилобигача замонавий Тюрингия ҳудудини бошқарган эски зодагонлар оиласидан чиққан. Маълумки, бу оила аъзолари Германияда бир нечта қалъаларга эга.

Тўнтариш қилмоқчи бўлганларнинг мақсади нима?

Суддан олдинги тергов маълумотларига кўра, давлат тўнтариши ташаббускорлари икки қанотга бўлинган: «Кенгаш» номи билан машҳур сиёсий қанот ва Германия Федератив Республикаси ҳукуматини қурол ёрдамида ағдариб ташлашни мақсад қилган ҳарбий қанот. Улардан баъзилари Бундестагга ҳужум қилиб, немис депутатларини гаровга олишни режалаштирган.

Халқ эса уларга эргашиши учун мамлакатдаги электр энергиясини ўчиришни мақсад қилган.

Қолаверса, бўлажак ҳукуматда кимлар қандай лавозимларни эгаллашини аллақачон белгилаб олишган. Манбага кўра, «янгиланган» давлатни шаҳзода Генрих бошқариши келишиб олинган. 2013-2021 йиллар орасида парламент аъзоси бўлган 58 ёшли Малзак-Винкеман Адлия вазири этиб тайинланган.

Маълумотларга кўра, давлат тўнтаришига уринаётганлар ўз режаларини айнан қачон амалга оширишларини аниқ келиша олмаган. Баъзилар буни Британия қироличаси вафот этган куни қилишни хоҳлашган, бошқалари эса инқилобни қандайдир табиий офат билан боғлашни таклиф қилишган.

Bild газетасининг хабар беришича, гуруҳ фаолияти юзасидан тергов август ойида бошланган. Нашрнинг ёзишича, ўнг радикаллар Германияда ҳокимиятни қўлга киритиш ва монархия тамойилларига асосланган янги давлат аппарати яратишни режалаштирган.

«Бу охирги йиллардаги энг йирик аксилтеррор операцияларидан бири», - деб ёзади немис газеталари.

Zeit нашрининг ёзишича, гумонланувчиларнинг режаси «Бундестагга қурол билан ҳужум қилиш ва сиёсатчиларни ҳибсга олиш» бўлган. Улар хавфсизлик кучларининг айрим ходимларининг террорчи гуруҳга қўшилишини, бу эса охир-оқибат «инқилоб»га олиб келишини режалаштиришган.

Муаллиф: Назерке Суйиндик

Асосий сурат: Christian Mang/Reuters

Сўнгги хабарлар