Ғарбий Қозоғистон вилоятида 6 млрд тенгега 4 та сут фермаси қурилади

None
ASTANA. Kazinform – Ғарбий Қозоғистон вилоятида 6 миллиард тенгега 4 та сут фермаси қурилади. Бу ҳақда Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ғарбий Қозоғистон вилояти ҳокими Нариман Тўреғалиев маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Вилоятда импортга қарамликни камайтириш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш, вилоят аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга ошириляпти. 2023 йилда ҳудудий қишлоқ хўжалиги тузилмалари ва тадбиркорлик субъектларига 16 миллиардга яқин субсидия ва 15 миллиард тенге кредит ажратиш кўзда тутилган. Бу маҳаллий фермерлар учун давлат томонидан катта ёрдам ва имкониятдир. Шунингдек, вилоят аҳолисини сут маҳсулотлари билан таъминлаш йўналишида «Агросаноат мажмуида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш» дастур доирасида 6 миллиард тенгега 4 та йирик сут фермаси қуриш режалаштирилган, 2 фоизли кредит берамиз. Янги сут-сутчилик хўжаликлари ишга тушса, вилоят аҳолисини сут маҳсулотлари билан таъминлаш 22 фоиздан 32 фоизга ошади», - деди вилоят раҳбари.

Унга кўра, «Яшил белбоғ» дастури доирасида 2025 йилга бориб суғориладиган ерлар 9,6 минг гектардан 15 минг гектарга етказилади.

«Бугунги кунда картошка маҳсулотлари билан таъминлаш 91 фоиз, пиёз 98 фоиз, сабзи ва карам 56 фоизни ташкил этади. Бу борадаги ишларни янада кучайтирамиз. Ушбу маҳсулотлар билан ўзимизни таъминлаш мақсадида йил охиригача қуввати 12 минг тонна бўлган умумий қиймати 3 миллиард тенге бўлган иккита йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади», - деди у.

Вилоят раҳбарининг таъкидлашича, 2025 йилгача 48та сабзавот омбори бугунги кун талаблари асосида ишлайди. Уларнинг умумий қуввати 100 минг тоннадан ошади.

«Шундай қилиб, ўзимизни ушбу маҳсулотлар билан тўлиқ таъминлаймиз», – дейди Нариман Тўреғалиев.

Муаллиф: Марлан Жембай

Сўнгги хабарлар