Франциянинг машинасозлик компанияси Қозоғистонга яна 100 миллион евро киритишга тайёр

None
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ва Alstom компаниясининг Африка, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақалари бўйича президенти Эндрю ДеЛеоне Франция инжиниринг компаниясининг Қозоғистондаги фаолиятини кенгайтириш масалаларини муҳокама этди, дея хабар беради Kazinform primeminister.kz сайтига таяниб.

ҚР Бош вазири электровозлар ва уларнинг эхтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи Alstom компанияси Қозоғистон темир йўл тармоғини модернизация қилиш дастурининг асосий иштирокчиларидан бири эканлигини таъкидлади.

«Шу билан бирга, компания ваколат маркази сифатида ўз фаолиятини ривожлантиряпти, бунинг натижасида мамлакатимизда юқори малакали муҳандисларнинг янги авлоди шаклланяпти. Қозоғистон Ҳукумати Alstom билан узоқ муддатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёр», – деди Алихан Смаилов.

ҚР Ҳукумати раҳбари таъкидлаганидек, республикада инвесторлар учун солиқ ва божхона имтиёзлари бериляпти, инфратузилма объектлари барпо этиляпти ва бошқа қулай шароитлар яратиляпти. Шундан келиб чиқиб, хорижий компания иштирокида темир йўл транспорти воситалари ишлаб чиқариш, электробуслар ишлаб чиқариш борасида қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга ошириляпти.

«Ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланаётган асосий омил ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг юқори даражасидир. Биз Alstom компаниясининг электровозларнинг эхтиёт қисмлари учун ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш орқали ўз фаолият доирасини кенгайтириш ниятини қўллаб-қувватлаймиз. Шу билан бирга, Қозоғистон корхоналарини жалб этган ҳолда, тўлиқ циклли ва юқори даражадаги маҳаллийлаштиришга эга тўлиқ ишлаб чиқаришни яратиш масаласини кўриб чиқишни тавсия этамиз. Ўз томонимиздан биз янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ёрдам беришга тайёрмиз», – деди Алихан Смаилов.

Ўз навбатида Эндрю ДеЛеоне компания Қозоғистонда ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ва янги лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини тасдиқлади.

«Биз Қозоғистонда 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаяпмиз. Бу даврда биз юзлаб миллион евро сармоя киритдик ва юзлаб одамларни иш билан таъминладик. Бу стратегик ҳамкорлигимиз юксак даражада эканини кўрсатади. Қозоғистон Республикаси Президентининг ўтган йили Францияга ташрифи икки томонлама муносабатларимизни янада ривожлантиришга салмоқли туртки бўлди. Қозоғистонда сармоя киритишни давом эттирмоқчи бўлган француз компаниялари учун яхши имтиёзлар мавжуд», – деди Эндрю ДеЛеоне.

Унинг сўзларига кўра, Alstom бутун мамлакат бўйлаб хизмат кўрсатиш марказларини яратиш учун яна 50-100 миллион евро сармоя киритишни кўриб чиқяпти.

«Шунингдек, биз янги локомотивларни ишлаб чиқишни қўллаб-қувватламоқчимиз ва транспорт хавфсизлигини ошириш учун бутун мамлакат бўйлаб инфратузилма салоҳиятини оширмоқчимиз», – деди Эндрю ДеЛеоне.

Бундан ташқари, учрашув чоғида Қозоғистон Республикаси транзит транспорт соҳасини ривожлантириш истиқболлари, хусусан, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

Сўнгги хабарлар