Финляндия юк оператори Қозоғистон орқали янги йўналишни ишга туширди
12 Май 08:43

Финляндия юк оператори Қозоғистон орқали янги йўналишни ишга туширди

BAKU. Kazinform – Март ойида Финляндиянинг энг йирик юк ташувчи оператори Nurminen Logistics Қозоғистон миллий темир йўл ташувчиси билан тижорат мақсадларида фойдаланиш бўйича шартнома имзолагани ва Хитойдан биринчи контейнер йўналишини ишга туширганини маълум қилди. Бу ҳақда Kazinform мухбири хабар беради.

«Nurminen Logisticsнинг биринчи тўлиқ ўлчамли контейнер поезди 2022 йилнинг 10 май куни Хитойнинг Чонгсин шаҳридан янги жанубий Транскаспий йўналиши бўйлаб жўнаб кетди», - дейилади Azernews хабарида.

Йўналиш Хитойдан бошланиб, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия ва Руминия орқали Марказий Европага ўтади. Компания Қозоғистон темир йўллари билан ҳамкорликда йўналишни икки ой ичида нолдан бошлаб қурди.

«Янги йўналиш катта талабга эга. 25 май куни йўлга чиқадиган навбатдаги поезд деярли тўла, саноқли ўринлар қолган. Ҳафталик рейслар июн ойида бошланиши режалаштирилган», - дейилади компания хабарида.

Аввалроқ Nurminen Logistics Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш нияти ҳақида маълум қилган ва 16 март куни Қозоғистон миллий темир йўл ташувчиси билан тижорат мақсадларида фойдаланиш бўйича шартнома имзолаган эди.

Айни пайтда, бу Қозоғистон Республикаси орқали ўтадиган ягона йўналиш эмас. 13 апрел куни Хитой Қозоғистон, Озарбайжон, Руминия, Венгрия, Словакия ва Чехиядан, Каспий ва Қора денгизлардан темир йўл ва денгиз орқали кесиб Германияга ўтувчи темир йўл йўналишини ишга туширганди.

Муаллиф: Серикбол Қошмағанбетов


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив