Европанинг 11 давлати Қозоғистоннинг Атирау иқтисодиётига сармоя киритишга қизиқиш билдирмоқда

Фото:
ATYRAU. Kazinform - Европанинг 11 давлати Атирау иқтисодиётига сармоя киритишга қизиқиш билдирди, дея хабар бермоқда Kazinform мухбири.

Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Кестутис Янкаускас ва Европанинг 11 давлати элчилари Атирау вилоятига ташриф буюрди. Улар орасида Хорватия, Болгария, Португалия, Нидерландия Қироллиги, Эстония, Бельгия, Германия, Словакия, Франция, Испания, Австриянинг Қозоғистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчилари, Франция элчихонасининг иқтисодий масалалар бўйича атташеси бор.

Вилоят ҳокими Серик Шапкеновнинг маълум қилишича, жорий йилнинг январ-сентябр ойлари давомида Атирау вилоятининг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 14,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Улардан экспорт 14,1 миллиард АҚШ долларини, импорт улуши эса 269,02 миллион долларни ташкил этади.

«Европа Иттифоқи мамлакатимизнинг асосий иқтисодий ва савдо шерикларидан биридир. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Атирау вилоятидаги қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, соғлиқни сақлаш ва таълимни ривожлантириш бўйича олдимизга қўйилган вазифага мувофиқ Европа Иттифоқи давлатлари билан яқин алоқалар ўрнатишга ва ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз. Вилоятдаги махсус иқтисодий зонада инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Келгусида полиэтилен ва бутадиен ишлаб чиқаришни ривожлантириш режаси бор»

, - дейди Серик Шапкенов.

Европа Иттифоқи ва 11 давлат элчилари Атирау вилоятида транспорт-логистика саноатини модернизация қилиш, саноат инфратузилмаси ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришга сармоя киритишга қизиқиш билдирди.

«Атирау вилоятига биринчи ташрифим чоғида Осиё ва Европани боғловчи кўприкни кўриш истагидаман. Бу ҳудудда товар айирбошлаш ҳажмининг ортиши, кўплаб компанияларнинг Қозоғистон бозорида шартномалар имзолаши ва унинг доирасида фаол ишлаётгани икки томонлама муносабатларнинг яхши ривожлангани самарасидир. Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар Қозоғистоннинг энг йирик сармоявий шерикларига айланмоқда. Иттифоқ мамлакатлари илғор технологияларни олиб киришга ва ушбу минтақага сармоя киритишга тайёр»

, — деди Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Кестутис Янкаускас.

Муаллиф: Бек Мустафа

Фото: gov.kz

Сўнгги хабарлар