Эртага Тошкентда ШҲТ ва МДҲга аъзо давлатлар саноат вазирлари учрашуви бўлиб ўтади

Фото: None
TASHKENT. UZA-Kazinform – 15 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар саноат вазирлари йиғилиши ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг Саноат сиёсати бўйича Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.

Тадбирларда Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Тожикистон саноат вазирлари, Беларусь, Россия, Қозоғистон, Хитой тармоқ вазирлари ўринбосарлари, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Илҳомжон Неъматов, шунингдек, Россия ва Қозоғистон ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этади.

Йиғилиш иштирокчилари ШҲТ ва МДҲ доирасида саноатни ривожлантириш, кооперация асосида саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги технологиялар жорий этиш, моддий ва молиявий ресурслар жалб қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва саноат маҳсулотларини диверсификация қилиш бўйича ҳамкорликни янада жадаллаштириш ва кенгайтириш масалаларини муҳокама қиладилар.

Учрашувлар чоғида ШҲТ ва МДҲга аъзо давлатлар саноатини ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар тасдиқланиши кутилмоқда.

Хусусан, Шанхай ташкилотига аъзо давлатлар вазирлари ШҲТ мамлакатлари ишбилармон доиралари ўртасида саноат кооперациясини рағбатлантириш дастури лойиҳасини маъқуллайдилар. Мазкур ҳужжат Ташкилотнинг Самарқанд саммити кун тартибига тасдиқлаш учун киритилади.

МДҲга аъзо давлатлар саноат вазирлари йиғилишида ҳам ушбу йўналишдаги ҳамкорликка доир ҳужжат тасдиқланиши кутилмоқда.

Сўнгги хабарлар