Энди Қозоғистонда сайловчилар Мажилис депутатларини парламентдан олиб ташлаши мумкин
25 Апрель 21:36

Энди Қозоғистонда сайловчилар Мажилис депутатларини парламентдан олиб ташлаши мумкин

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонда сайловчилар сайловолди ваъдаларини бажармаган депутатларни чақириб олиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Конституциявий кенгаш аппарати раҳбари, Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси Бақит Нурмуханов маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистон халқига Мурожаатномаси мамлакатда кечаётган демократик жараёнларга янги суръат бағишлади. Унда Янги Қозоғистоннинг қиёфаси, уни қуриш йўлида тўсиқ бўлаётган вазифалар ва бу вазифаларни ҳал этиш йўллари белгилаб берилган. Бу ташаббусларнинг аксарияти Асосий Қонунда мустаҳкамланган жамият ва давлат асосларига дахлдор. Ишчи гуруҳ Конституцияга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасини таклиф қилди. Гуруҳ таркибига давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, таниқли ҳуқуқшунос олимлар кирди. Қонун лойиҳасида мамлакатимизда шаклланган бошқарув моделини янада такомиллаштириш назарда тутилган, – деди Б.Нурмуханов.

У 2017 йилда амалга оширилган конституциявий ислоҳот натижасида Давлат раҳбари ваколатларининг бир қисми парламент ва Ҳукуматга ўтганини эслатди.

Эндиликда, Б.Нурмухановнинг сўзларига кўра, парламент ва маҳаллий вакиллик органларининг ролини янада кучайтириш кўзда тутилган. Парламент палаталарини шакллантириш тартиби ва уларнинг вазифалари сезиларли даражада ўзгаради...

Мажлисга сайлов аралаш тизим бўйича ўтказилади, депутатларнинг 30 фоизи бир мандатли ҳудудий сайлов округлари бўйича сайланади. Сайловчилар сайловдан олдин берган ваъдаларини бажармаган депутатларни чақириб олиш имкониятига эга бўладилар», - деди Бақит Нурмуханов.

Муаллиф: Мейрамбек Байғарин

Янгиликлар

Архив