Эмомали Раҳмон Қозоғистоннинг олий мукофоти – «Алтын Қыран» ордени билан тақдирланди

None
Фото: akorda.kz
ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонни Қозоғистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган алоҳида ҳиссаси учун мамлакатнинг олий давлат мукофоти – «Алтын Қыран» билан тақдирлади, Бу ҳақда Kazinform Ақордага таяниб хабар беради.

Қасим-Жомарт Тоқаев Эмомали Раҳмоннинг қардош Қозоғистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссасини қайд этди.

«Биз ҳар доим барча даражадаги яқин ва ишончли сиёсий мулоқотни қўллаб-қувватлаймиз. Мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база шаклланган. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб, маданий-гуманитар алоқалар кўлами муттасил кенгаймоқда. Биз энг муҳим халқаро тузилмалар доирасида муваффақиятли ҳамкорлик қилиб, Марказий Осиёда ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқдамиз. Бугунги кунда давлатлараро муносабатларимиз иттифоқ муносабатлари даражасига кўтарилгани қувонарлидир. Бу икки давлат ўртасидаги ибратли муносабатларни шакллантиришдаги алоҳида иштирокингиз самарасида мумкин бўлди, – деди Давлат раҳбари.


Ўз навбатида Э.Раҳмон мамлакатнинг олий давлат мукофоти билан тақдирлангани учун миннатдорчилик билдирди.

«Ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелули, мени «Алтын Қыран» ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорингиз учун сизга миннатдорчилик билдираман. Бу мукофот, аввало, бутун Тожикистон халқининг тожик-қозоқ муносабатлари, дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун берилган юксак баҳо, деб биламан. Ишончим комилки, биз қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида Тожикистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун барча саъй-ҳаракатларимизни ишга соламиз», — деди Тожикистон раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, кеча Қозоғистонга давлат ташрифи билан келган Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонни пойтахт аэропортида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев кутиб олди.

3 май куни Қозоғистон-Тожикистон бизнес-форумида бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Бугун икки давлат раҳбарлари кичик таркибда учрашув ўтказди.


Сўнгги хабарлар