Дунёда 5G абонентлари сони 1 миллиарддан ошди

Фото:
ASTANA. Kazinform – 2022 йил якунларига кўра, дунёда 5G тармоғи абонентлари сони 1 миллиарддан ошди, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан икки баравар кўпайди, дея хабар беради Kazinform Finprom.kz ресурсига таяниб.

Бешинчи авлод тармоқларининг улуши бир йил ичида 6,7% дан 12,5% гача ўсди ва ўсиш динамикаси давом этяпти.

Ericsson прогнозларига кўра, 2028 йил охиригача 5G абонентлари сони 5 миллиардга етади, бу бозорнинг ярмидан кўпини (53,9%) ташкил этади.

Ўз навбатида, 2022 йилда 4G абонентлари сони 5,2 миллиард кишини ёки бозорнинг 61,5 фоизини ташкил этди.

Бундан ташқари, 2023 йилдан бошлаб 5G нинг ривожланиши туфайли 4G нинг улушининг босқичма-босқич камайиши кутиляпти ва унинг олдинги авлодлари (2G, 3G) нинг абонентлари сони ҳам пасаяди.

5G тармоғи 4Gдан 100 баробар тезроқ ва у одамлар, ҳамда бизнес учун мутлақо янги, мисли кўрилмаган имкониятлар яратади.

Юқори уланиш тезлиги, паст кечикиш ва ўтказувчанликнинг ошиши саноатнинг ўзгаришига, жамият ривожланишига ва кундалик тармоқдан фойдаланиш сифатининг сезиларли яхшиланишига олиб келади.

5G технологияси ёрдамида хавфсиз, ақлли ва барқарор келажакни яратиш мумкин.

Умуман олганда, мобиль алоқа тизимларининг эволюцияси 1980-йилларга бориб тақалади ва 1G, 2G, 3G, 4G ва 5G каби бир неча авлодларни ўз ичига олади.

Мобиль алоқа эволюциясининг ҳар бир янги босқичи авлод (G – Generation) деб аталади.

Қозоғистонда ҳам 5G тармоғини ривожлантириш давом этмоқда. Бешинчи авлод тармоғи Kcell/Activ ва Tele2/Altel операторлари томонидан тижорат мақсадларида фойдаланишга топширилади.

Масалан, KCELL уяли алоқа оператори томонидан республика аҳамиятига молик шаҳарларда 48 та 5G тармоғининг база станциялари ўрнатилди (28 таси Алматида, 10 таси Чимкентда, 1 таси Астанада ва 9 таси Туркистонда).

Умуман олганда, 2023 йилда KCELL бутун мамлакат бўйлаб 3000 га яқин янги база станцияларини қуришни режалаштиряпти, улардан 700 га яқини 5G технологияси ёрдамида қурилади.

Жорий йилда 5G фақат одамлар гавжум жойларда ишлайди, бироқ 2024 йилда вилоят марказларининг барча ҳудудларини қамраб олиш режалаштирилган.

Фото: gov.kz


Сўнгги хабарлар