Динлар етакчилари съездига дунёнинг 50 давлатидан делегациялар келмоқда

Фото:
NUR-SULTAN. Кazinform – Динлар етакчилари съездига дунёнинг 50 та давлатидан делегациялар келмоқда. Бу ҳақда ҚР Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

«Жорий йилнинг 14-15 сентябр кунлари анъанавий ва жаҳон динлари етакчиларининг VII съездини ўтказиш режалаштирилган. Съездда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан ислом, насронийлик, буддизм, иудаизм, ҳиндуизм, даоизм, зардуштийлик, синтоизм каби динлардан 100 дан ортиқ делегациялар, шунингдек, сиёсий ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва бошқалар иштирок этиши кутилмоқда. «, - деди Айбек Смадияров.

Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, съезднинг мавзуси «Пандемиядан кейинги даврда инсониятнинг ижтимоий ва маънавий ривожланишида жаҳон ва анъанавий конфессиялар етакчиларининг ўрни». Унинг доирасида маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашда динларнинг ўрни, динларнинг тинч-тотув яшашига кўмаклашишда, айниқса, диний экстремизм, радикализм ва терроризмга қарши курашишда таълим ва диншуносликнинг ўрни ва хотин-қизларнинг жамият фаровонлиги ва барқарор ривожланишига қўшадиган ҳиссаси масалаларига бағишланган тўртта секция йиғилиши бўлиб ўтади.

«Бўлажак диний форумда Рим папаси Франциск, Ал-Азҳар олий имоми Аҳмад Муҳаммад Аҳмад ат-Тайиб, Қуддус патриархи Теофил III, Ашкеназийлар бош раввини Давид Лау, Исроилнинг Сефард бош раввини Ицхак Иосиф ва бошқа диний етакчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этадилар. Бу йил съезд иштирокчиларига максимал даражада қулайлик яратиш мақсадида ўтказиладиган жой сифатида Мустақиллик саройи белгиланди. Саройнинг жойлашуви қозоқ ва хорижий ОАВ учун йирик матбуот маркази ташкил этиш имконини беради. Бугунги кунда мазкур тадбирда 60 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситаларининг 230 дан ортиқ вакиллари аккредитация қилинган. Бундан ташқари, VII съездга Рим папасининг ташрифи учун хорижий журналистларнинг аккредитацияси ёпилганини маълум қиламиз», — деди у.

Муаллиф: Марлан Жиембай


Сўнгги хабарлар