Давлат раҳбарлари Қозоғистон халқини Республика куни билан табрикладилар

None
ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев номига миллий байрам – Республика куни муносабати билан хорижий давлатлар раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан табриклар келмоқда. Бу ҳақда Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Россия Президенти Владимир Путин Давлат раҳбарини ва Қозоғистон халқини Республика куни билан табриклаб, тинчлик ва фаровонлик тилади.

«Қозоғистон иқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий ва бошқа соҳаларда ажойиб натижаларга эришди, халқаро муносабатларда муҳим ўрин тутади. Давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари муваффақиятли ривожланмоқда», - дейилади телеграммада.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўз мактубида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан Янги Қозоғистонни барпо этиш борасидаги ислоҳотларни юксак баҳолади, шунингдек, унинг яқинда Астанага амалга оширган давлат ташрифи мазмунли ва самарали эканини таъкидлади.

«Икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга катта эътибор қаратган ҳолда, мен Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги абадий ҳар томонлама стратегик шерикликни янада ривожлантириш йўлида биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга ошириш учун Сиз билан бирга ишлашга тайёрман», - деб ёзади Си Цзиньпин.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Давлат раҳбари номига йўллаган табригида, дўст ва қардош Қозоғистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат сифатида Туркия мамлакатнинг сўнгги 30 йил ичида барча соҳаларда эришган ютуқларини мамнуният билан кузатаётганини таъкидлади.

«Биз кенгайган стратегик шериклик даражасига чиққан, умумий тил, маданий ва тарихий алоқалар билан қувватланган муносабатларимизни икки халқ фаровонлиги йўлида ривожлантириш ва чуқурлаштириш ниятидамиз», - деди Режеп Таййип Эрдоған.

Франция Президенти Эммануэл Макрон мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланадиган йилда икки томонлама мулоқот жадал ривожланиб бораётганидан ғоят мамнун эканини таъкидлади.

«Биз Сиз амалга ошираётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг улкан дастурини катта қизиқиш билан кузатиб борамиз ва Франция уларни амалга оширишда Сизни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигига ишонтирмоқчимиз», - дейилади Эммануэл Макрон телеграммада.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ўз табрикларида ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган мустаҳкам тарихий ришталарга асосланган қозоқ-тожик муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бораётгани учун миннатдорлик билдирди.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркманистон Халқ Маслаҳати Миллий Генгеш раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ўз мактубида Туркманистон-Қозоғистон стратегик шериклиги икки халқ фаровонлиги йўлида бундан кейин ҳам жадал ривожланиб боришига ишонч билдирди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Қозоғистон халқини ва Қасим-Жомарт Тоқаевни Республика куни билан самимий табриклади.

Шунингдек, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раиси, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Австрия Президенти Александр Ван дер Беллен, Хорватия Президенти Зоран Миланович, Португалия Президенти Марселу Ребелу де Соуза, Сербия Президенти Александр Вучич, Сингапур Президенти Халима Якоб, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси –Ижрочи котиби Сергей Лебедев, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳиссейн Браҳим Таҳа ва бошқалар ўз табрик телеграммаларини йўллади.

Табрик телеграммалари келишда давом этмоқда.


Сўнгги хабарлар