Давлат раҳбари транспорт-транзит салоҳиятини оширишга бағишланган йиғилиш ўтказди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон иқтисодиётида транспорт-логистика соҳаси алоҳида ўрин тутишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу соҳа ҳудудларнинг ўзаро алоқаларини жонлантириш учун катта аҳамиятга эга. Бироқ геосиёсий вазият ва санкциялар можароси анъанавий транспорт-логистика тармоғини ўзгартирди, деб хабар беради Ақорда.

Президент таъкидлаганидек, маҳаллий маҳсулотларни хавфсиз ва узлуксиз экспорт қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.

Давлат раҳбари Марказий Осиё минтақасида мамлакат етакчилигини сақлаб қолиш, Қозоғистонни ишончли транзит хаб сифатида ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Бунинг учун муқобил темир йўл йўналишларини шакллантириш зарур. Бу ерда гап Достиқ – Мойинти, Бақти – Аягўз, Мақтаарал – Дарбаза лойиҳаларини амалга ошириш, Алмати шаҳрини айланиб ўтувчи темир йўл линиясини қуриш ҳақида бормоқда.



Қасим-Жомарт Тоқаев темирйўл парки ишини жонлантириш, йўлларни капитал таъмирлаш чораларини кўриш бўйича топшириқ берди.

«Маҳаллий темир йўллар соҳасида машинасозликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунинг ўз омиллари бор. Қозоғистон ишлаб чиқарувчиларини фаол қўллаб-қувватлаш керак»

, - деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев «Қазақстан темір жолы» миллий компаниясини тўлиқ модернизация қилиш зарур, деб ҳисоблайди.

«Менимча, Қозоғистон темир йўллари миллий транспорт-логистика компаниясига айлантириш вақти келди. Бу ҚТЖ ваколати ва вазифаларини кенгайтириш, компанияга эса мамлакатимиз транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш борасидаги ишларни комплекс тарзда амалга ошириш имконини беради»

, - деди Президент.

Президент денгиз транспортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.

«Қозоғистон денгиз ташиш имкониятларидан авваллари тўлиқ фойдаланмаган. Ҳозир замон бошқача. Мен Ҳукуматга портларимизни Каспий денгизининг етакчи марказларидан бирига айлантириш бўйича стратегик вазифани топширдим. Денгиз флотини мустаҳкамлаш, Ақтау портида контейнер ташувчи хаб ташкил этиш зарур, деган таклифга тўлиқ қўшиламан»

, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев яна бир муҳим вазифа сифатида нефтни ташишни диверсификация қилишни таъкидлади.

«Транскаспий йўналиши устувор йўналиш ҳисобланади. «ҚазМунайГаз»га уни амалга оширишнинг мақбул вариантини, жумладан, Тенгиз лойиҳасига инвесторларни жалб қилиш имкониятларини ишлаб чиқишни топшираман. Ҳукумат «Самруқ-Қазна» билан биргаликда Атирау-Кенқияқ ва Кенқияқ-Қумкўл нефт қувурлари қувватини ошириш чораларини кўриши керак»

, - деди Президент.

Автомобил йўллари инфратузилмасини ривожлантириш масаласи ҳам муҳим йўналишлардан биридир. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, биринчи навбатда магистрал линияларни (Ақтўбе – Қандиағаш – Мақат, Атирау – Астрахан, Алмати – Қарағанди ва Талдиқорған – Ўскемен) таъмирлаш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш зарур.



Бундан ташқари, Ҳукуматга йил охиригача божхона расмийлаштируви ва чегара назорати жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш топширилди.



Сўнгги хабарлар