Давлат раҳбари Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокимига қатор топшириқлар берди

ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими Даниал Ахметовни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда.
Президентга вилоятни 2022 йилда ривожлантиришнинг асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари тўғрисида маълум қилинди, келгуси йилларга мўлжалланган режалар тақдим этилди.
Даниал Ахметовнинг айтишича, ўтган йили Шарқий Қозоғистон вилоятида 2194,2 миллиард тенгелик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 545,4 миллиард тенгени ташкил этди. Ўтган йили вилоятда 318,1 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди.
Президентга 2022-2028 йилларга мўлжалланган Ягона саноатлаштириш харитасига Шарқий Қозоғистон вилояти томонидан умумий қиймати 376 миллиард тенге бўлган 12 лойиҳа таклиф этилгани маълум қилинди. Улар орасида Улан туманида фойдали қазилмаларни қайта ишлаш заводи қурилишини бошлаш, Алтай ҳудудидаги Алтай минерални қайта ишлаш комплекси ишлаб чиқариш майдонини кенгайтириш лойиҳалари ҳам бор.
Вилоят раҳбари агросаноат мажмуасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади. Вилоятда мойли экинлар экиладиган майдонлар кенгайиб, ўсимлик ёғи етиштириш эса 1,8 баробар кўпайди. Глубокое туманида йилига 300 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилди.
Ўтган йили вилоятда кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони 12,5 фоизга ошиб, 61,5 мингтага етди. «Тадбиркорликни ривожлантириш» миллий лойиҳаси доирасида жорий йилда 1800 нафар тадбиркор қўллаб-қувватланади.
Президентга вилоятда соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қурилиш ишларининг бориши ҳақида маълумот берилди. Айни пайтда Ўскемен шаҳрида гематология маркази, Риддер шаҳрида кўп тармоқли шифохона қурилмоқда. «Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида Улан туманида бир сменада 140 нафар беморни қабул қилиш имкониятига эга бўлган поликлиника, қишлоқ аҳоли пунктларида 20 та соғлиқни сақлаш муассасаси қурилиши режалаштирилган. Жорий йилда вилоятда «Қулай мактаб» миллий лойиҳаси бўйича 11 мактаб фойдаланишга топширилади.
Қасим-Жомарт Тоқаев Даниал Ахметовга вилоятдаги йирик аҳоли пунктларининг коммунал инфратузилмасини модернизация қилиш ва вилоят аҳолисининг турмуш даражасини оширишга қаратилган қатор топшириқлар берди.