Давлат раҳбари Мажилис раиси Ерлан Қошановни қабул қилди

None
ASTANA. Кazinform – Парламент Мажилиси спикери Президентга Палатанинг VII чақириқ учинчи сессияси доирасида амалга оширилаётган қонун ижодкорлиги ишлари тўғрисида ҳисобот берди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Айни пайтда фуқароларнинг тўлов қобилиятини тиклаш ва уларнинг банкротлигини таъминлаш, жамоатчилик назорати, уй-жой сиёсатини ислоҳ қилиш, соғлиқни сақлаш ва жамиятдаги бошқа долзарб масалаларга оид қонун лойиҳалари депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Ерлан Қошанов Қасим-Жомарт Тоқаевга Мажилис ва қайта ташкил этилган Олий Ҳисоб палатаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмлари ҳақида маълумот берди. Эндиликда депутатлар марказдан аниқ туман, шаҳар ва қишлоқларга ажратилаётган бюджет маблағларини тўлиқ назорат қилишлари мумкин. Бу барча маблағларнинг мақсадли ишлатилиши ва самарадорлигини таҳлил қилиш имконини беради.

Спикер, шунингдек, Мажилис ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик палатасининг фаолиятига тўхталиб ўтди. Унинг таркибига депутатлар, экспертлар, сиёсий партиялар, ноҳукумат ташкилотлари вакиллари кирди. Жамоатчилик палатасида ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаларини жамият талаб ва эҳтиёжлари нуқтаи назаридан мунтазам равишда муҳокама қилиш режалаштирилган.

Давлат раҳбарига Парламент қуйи палатасидаги Жамоатчилик қабулхонаси фаолияти тўғрисида ҳисобот берилди, Мажлиснинг жамоатчилик учун очиқлигини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдим этилди.

Фото: аqorda.kz


Сўнгги хабарлар