Давлат раҳбари ҚР Рақамли ривожланиш вазири Бағдат Мусинни қабул қилди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусинни қабул қилди, деб хабар беради Ақорда.

Президентга вазирлик томонидан Интернетга уланишнинг сифати ва тезлигини ошириш, айниқса қишлоқ жойларда, «Рақамли Қозоғистон» давлат дастурини амалга ошириш, шунингдек, давлат хизматларини онлайн форматга ўтказиш тўғрисида ҳисобот берилди.

Қасим-Жомарт Тоқаевга инновацион экотизимни яратиш йўллари, аэрокосмик саноатни ривожлантириш, шунингдек, экспорт учун рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун IT-мутахассисларни тайёрлаш режалари ҳақида сўзлаб берилди.

Президент таълим платформасини ишлаб чиқиш, масофавий ўқитиш жараёнига техник ёрдам кўрсатиш, давлат молиявий кўмаги чораларини электрон дарсликлар ва рақамли таълим манбаларини яратишга йўналтириш муҳимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаев Бағдат Мусинга давлат хизматларидан фойдаланишда биометрик механизмларни жорий этиш, рақамли бошқарув тизимини ислоҳ қилиш, «Зерде» холдингининг роли ва масъулиятини ошириш бўйича бир қатор вазифалар юклади.

Президент радиотўлқинларни тарқатишнинг очиқ механизмларини жорий этиш бўйича кўрсатма берди.

Сўнгги хабарлар