Давлат раҳбари Қарашиғанақни кенгайтириш лойиҳаси билан танишди

None
ОRAL. Кazinform – Президент Ғарбий Қозоғистон вилоятига амалий ташрифи чоғида дунёдаги энг йирик нефть ва газ конденсати конларидан бирини ўзлаштираётган «Қарашиғанақ Петролеум Операйтинг Б.В» консорциуми фаолияти билан танишди, деб хабар беради Кazinform.

Ақорда расмий сайти хабарига кўра, Қасим-Жомарт Тоқаев Қарашиғанақни кенгайтириш лойиҳаси билан таништирилди.

«Қарашиғанақ Петролеум Оперейтинг Б.В» компанияси бош директори Жанкарло Руюнинг сўзларига кўра, 2021-2024 йилларга мўлжалланган Қарашиғанақни кенгайтириш лойиҳасининг биринчи босқичида 5-газни қайта қуйиш компрессори ва бошқа ишлаб чиқариш объектлари қурилиши давом этмоқда. Лойиҳанинг ушбу босқичида 970 миллион доллар сармоя киритилиб, 3500 га яқин киши иш билан таъминланади. Лойиҳанинг 2023-2026 йилларга мўлжалланган кейинги босқичида эса 6-газ айланма компрессор қурилиши амалга оширилади. Бу даврда 735 миллион доллар сарфланиб, 1300 та янги иш ўрни яратилади.

photo

Умуман олганда, Қарашиғанақни кенгайтириш лойиҳаси суюқ углеводородлар қазиб олиш даражасини 46 миллион тоннагача оширади, бу эса Қозоғистон Республикаси ва Қарашиғанақ лойиҳаси ҳамкорларига қўшимча даромад олиш имконини беради.

Консорциум ҳамкорлари айни пайтда Энергетика вазирлиги билан янги газни қайта ишлаш заводининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш устида ишламоқда. Комплекс газни қайта ишлаш заводи барпо этилса, йилига 4 миллиард куб метргача газ ва 0,5-0,6 миллион тонна пропан-бутан фракцияси ишлаб чиқариш имконияти яратилиб, мамлакат энергетика салоҳиятини сезиларли даражада оширади.

Давлат раҳбари янги газни қайта ишлаш заводи қурилиши муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, у Қарашиғанақ конининг нефть-газ саноати ва унинг ижтимоий-иқтисодий соҳасини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссасига эътибор қаратди.

photo

Якуний маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим имзоланган 1997 йилдан буён инвесторлар Қарашиғанақ конини ўзлаштиришга қарийб 30 миллиард доллар сармоя киритдилар.

Вилоятдаги энг йирик корхона ҳисобланган «Қарашиғанақ Петролеум Оперейтинг Б.В»да 3,8 минг киши меҳнат қилмоқда. Консорциумга турли хизматлар ва маҳсулотларни тақдим этувчи 142 пудратчи ташкилотда 20 мингга яқин киши меҳнат қилади. Лойиҳа амалга оширилгандан буён ҚПО мамлакат иқтисодиётига 57,4 миллиард доллар даромад келтирди. Шундан 45,9 миллиард доллари солиқлар, тўловлар ва ишлаб чиқариш улуши ҳисобидан бюджетга тушди.

Умуман олганда, 1998 йилдан буён «Қарашиғанақ Петролеум Оперейтинг Б.В» томонидан вилоятдаги ижтимоий инфратузилма лойиҳаларига 754,5 миллион доллар маблағ йўналтирилди. Бу маблағ эвазига 16 касалхона ва поликлиникалар, 3 та жисмоний тарбия ва спорт мажмуаси, 34 та мактаб ва болалар боғчаси, театр ва маданият саройлари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилди.

photo


photo

photo


Фото: akorda.kz

Сўнгги хабарлар