Давлат раҳбари Греция Ташқи ишлар вазирини қабул қилди

5 Декабрь, 14:45
Давлат раҳбари Греция Ташқи ишлар вазирини қабул қилди

ASTANA. Кazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Астанага расмий ташриф билан келган Греция Ташқи ишлар вазири Николаос Дендиасни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда.

Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, Қозоғистон ва Греция ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Давлат раҳбари Греция Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орасида энг муҳим ҳамкор давлатлардан бири эканини таъкидлади. У, шунингдек, икки давлат кўп томонлама соҳаларда яқин алоқаларни давом эттираётгани ҳақида маълум қилди.

«Яна бир бор таъкидламоқчиманки, Греция билан муносабатлар биз учун устувор аҳамиятга эга. Ўзаро ҳамкорлик кўрсаткичларини янги босқичга кўтариш учун барча имкониятларни ишга соламиз», — деди Президент.

Ўз навбатида Николаос Дендиас Қасим-Жомарт Тоқаевга икки ва кўп томонлама ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашиш имконияти учун миннатдорлик билдирди.

«Таъкидлашни истардимки, биз Қозоғистонни Марказий Осиёдаги энг йирик ва доминант давлат деб биламиз, бу минтақадаги барқарорлик гаровидир. Греция мамлакатингиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр», — деди вазир.

Шу билан бирга, суҳбат чоғида халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Сурат: t.mе/bort_01


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар