Давлат раҳбари Европа Кенгаши Президенти билан телефон орқали сўзлашди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар беради Ақорда.

Томонлар дунёда коронавирус эпидемиясининг тарқалиши билан боғлиқ вазиятни ва унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича биргаликда чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.

Шарль Мишель Қозоғистон Президентининг COVID-19 вирусини мамлакатда янада тарқалишини олдини олиш бўйича аниқ ҳаракатлари ва қарорларини юқори баҳолади. Унга кўра, Қозоғистон Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори ҳисобланади. Шу билан бирга, у Брюсселда юқори баҳоланадиган эпидемияга қарши курашда мамлакатнинг халқаро ва минтақавий тадбирларда иштирок этишининг муҳимлигини таъкидлади.

Европа Кенгаши раҳбари Қозоғистон Президенти томонидан кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни иш билан таъминлаш, давлатнинг халқ олдидаги ижтимоий мажбуриятларини бажариш бўйича амалга оширилаётган инқирозга қарши чораларга тўхталди. Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, Қозоғистон мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш учун аниқ қарорлар қабул қилади.

Суҳбат чоғида Президент Европа Иттифоқи вакилини Россия, Хитой ва Марказий Осиёнинг қатор давлатлари раҳбарлари билан пандемияга қарши кураш бўйича телефон орқали ўтказилган суҳбатларнинг натижалари тўғрисида маълумот берди.

Қозоғистон Президенти, шунингдек, БМТнинг бош котиби Антонио Гутерришнинг коронавирусга қарши кураш бўйича гуманитар режани, шу қаторда халқаро молиялаштириш (5 трлн доллар) орқали дунёнинг заиф мамлакатларига ёрдам бериш учун маблағ жалб қилиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Томонлар Қозоғистон ва ЕИга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, хусусан, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.

Давлат раҳбари ушбу ҳужжат сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш ҳамда Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлишини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар минтақавий ва глобал кун тартибининг бир қатор долзарб масалаларига эътибор қаратдилар. Хусусан, Шарль Мишель Сурия музокараларини хал этиш бўйича Астана формати истиқболларига қизиқиш билдирди. Қасим-Жомарт Тоқаев, Қозоғистон Сурия можаросини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича Женева жараёни давоми ҳисобланмиш музокараларнинг навбатдаги босқичи учун ўз платформасини тақдим этишга тайёрлигини билдирди.

Телефон мулоқоти Европа томони ташаббуси билан ўтказилди.

Сўнгги хабарлар