Цюрихда Қозоғистоннинг инвестицион жозибадорлиги намойиш қилинди

None
None
НУР-СУЛТОН. Kazinform - Қозоғистон Республикасининг Швейцария Конфедерациясидаги элчихонаси ҳамда Қозоғистон-Швейцария Савдо-саноат палатаси ҚР Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида Қозоғистон-Швейцария инвестицион давра суҳбатини уюштирди. Бу ҳақда ҚР ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар комитетининг раиси Бақит Батиршаев бошлиқ делегация иштирок этди. Унинг таркибида Чимкент шаҳри ҳокимлиги, «Kazakh Invest» Миллий компанияси, «Астана» Халқаро молия маркази (АХММ), «Жолаушылар тасымалы» АЖ ҳамда Қозоғистон фермерлар иттифоқининг вакиллари бўлишди.
Швейцария томонидан банк ва молиявий хизмат, консалтинг, фармацевтика, машинасозлик, кимё саноати, қурилиш, АКТ, транспорт ва логистика соҳаларида фаолият олиб борувчи 40 дан зиёд компания вакиллари иштирок этишди.

Учрашувда Қозоғистоннинг турли соҳалардаги инвестицион имкониятлари, бу борадаги янги Ҳукумат қарорлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Қозоғистоннинг тоғ-кон, кимё, нефть, озиқ-овқат каби жадал ривожланаётган соҳалари ҳамда транзит салоҳияти швейцариялик компанияларнинг қизиқишини уйғотди. Шунингдек, Швейцариянинг молия ва банк қурилмалари вакиллари АХММ фаолиятига алоҳида қизиқиш билдирди.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Швейцариянинг Glencore, Philipp Morris, ABB, Rieter, Schindler, Bühler, Leica, Nestlé, Roche, Novartis, Syngenta, Ammann Group каби 40-дан зиёд компанияси Қозоғистонда фаолият олиб юритмоқда.

2005 йилдан 2018 йилгача оралиқда жалб қилинган Швейцария инвестицияларининг умумий кўлами 23,2 млрд АҚШ долларини ташкил қилди. 2018 йилнинг ўзида бу кўрсаткич 2,5 млрд АҚШ долларига етди. Икки томонлама савдо кўлами эса 2018 йилда 3 млрд доллардан зиёд бўлди.

Швейцария ЕИ, Италия, Хитой, Нидерланд ва Франциядан кейин Қозоғистоннинг олтинчи йирик савдо шеригидир.
Қозоғистон делегацияси ташриф доирасида Swissport International Ltd., Burkhard Compression ва Stadler Rail CIS компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Сўнгги хабарлар