Буюк Британияда озиқ-овқат нархи кескин ошиб бормоқда

None
LONDON. Kazinform - Буюк Британияда озиқ-овқат маҳсулотлари 16,8 фоизга қимматлашди ва 46 йил давомида кузатилмаган максимал даражага етди. Ёқилғи нархи арзонлашган бўлса-да, сут, пишлоқ ва тухум каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи осмонга кўтарилмоқда. Бундан ташқари, ресторан, меҳмонхона хизматлари ва авиачипталар қимматлашди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Масалан, сут ўтган йилга нисбатан 50 фоизга ошган. Макарон маҳсулотлари ва шакар нархи кўтарилган.

Қийинчиликда қолганлар озиқ-овқат банки ёрдамига мурожаат қилишга мажбур. Фудбанк - ойлик даромади етмайдиганларга ҳафтада бир марта озиқ-овқат бепул тарқатиладиган жой.

Ҳаммаси ҳомийлар ҳисобидан. Хайрия марказига дўконлар озиқ-овқат, тадбиркорлар эса пул билан ёрдам беради.

Яшаш нархи ошган бир пайтда озиқ-овқат банкидан ёрдам сўраганлар сони ҳам кўпайган. Кўп болали ёлғиз Донна Хэй ана шу марказ туфайли ўзини-ўзи боқиш имкониятига эга эканини айтади.

«Кечаси болаларим оч ётди. Мен ҳатто электр энергияси, газ, ижара ҳақини ҳам тўлай олмайман», - деди у.

Лондоннинг Хакни туманидаги озиқ-овқат банки олти йил аввал кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат билан ёрдам бериш учун ойига 2000 фунт стерлинг сарфлаган бўлса, ҳозир ҳафтасига 4000 фунт стерлинг сарфлайди.

«Баъзи оилалар ёруғлик ва иссиқликни тежаш учун печка ва газни ўчиришга мажбур. Улар ҳатто биз берадиган таомни ҳам пишириб, ея олмайди», - дейди хайрия ташкилоти вакили Мэт Фитцимонс.

Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак жорий йилда инфляция даражасини ярмига туширишга ва иқтисодий ўсишни таъминлашга ваъда бермоқда.

Муаллиф: Ғалимжан Қараманули

Сўнгги хабарлар